Жаҳон | 22:26 / 08.05.2024
5266
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Исроилга ҳарбий ёрдам беришни қисман тўхтатди

Гап барча ҳарбий ёрдам ҳақида эмас, фақат битта қурол партияси ҳақида кетмоқда. АҚШ ҳамон Исроилга зарур ёрдам кўрсатиш, ўзини ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш тарафдори.

Фото: Reuters

Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ президенти маъмурияти Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиб туришга қарор қилганини айтди. Унинг аниқлик киритишича, гап барча ҳарбий ёрдам ҳақида эмас, фақат битта қурол партияси ҳақида кетмоқда. Аввалроқ The New York Times АҚШ Исроилга 3,5 минг бомба етказиб беришни кечиктиргани ҳақида ёзган эди.

«Биз ҳеч қандай қарор қабул қилганимиз йўқ. Биз танаффус қилдик», деди Остин Сенат тингловида. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ҳукумати Исроилнинг Рафаҳ шаҳридаги ҳарбий амалиёти туфайли унга кўрсатаётган ёрдамини қайта кўриб чиқмоқчи.

Остин сўзларига кўра, таъминот бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Гап фақат ҳарбий ёрдамнинг бир партиясини етказиб беришни музлатиш ҳақида кетмоқда, қайси бири эканига аниқлик киритилмаган. Остиннинг қўшимча қилишича, АҚШ Исроилга зарур ёрдам кўрсатиш, ўзини ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш тарафдори.

Рафаҳ Ғазо секторининг жанубида, Миср билан чегарада жойлашган. Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида уруш бошланганидан сўнг, анклавнинг турли бурчакларидан қочқинлар шаҳарга оқиб келган. Ғарб иттифоқчилари Исроилни Рафаҳда ҳарбий операция ўтказишдан бир неча бор қайтарган.

Рафаҳ билан боғлиқ вазият Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва жангарилар томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар фонида ривожланди. Исроил ҳукумати Фаластин ҳаракати билан тузилган келишув ҳали ҳам шаҳардаги операция режаларига таъсир қилмаслигини айтди.

6 май куни ҲАМАС Ғазо секторида сулҳ тузиш таклифини қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди. Ўша куни Исроил армияси дастлаб шарқий Рафаҳнинг тинч аҳолисини эвакуация қилинишга чақирди, бир неча соатдан кейин эса шаҳарнинг бу қисмига ҳаво ҳужумларини бошлади. 7 май куни Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Исроил Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрида ҲАМАС ҳаракати тўлиқ йўқ қилинмагунча ҳарбий амалиётини давом эттиришини айтди.

Мавзуга оид