Ўзбекистон | 07:25 / 09.05.2024
1290
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Кореянинг норма ижодкорлиги жараёнига сунъий интеллектни жорий этиш тажрибасини ўрганяпти

Адлия вазирлиги ва Корея Республикасининг бош вазири ҳузуридаги Қонунчилик тадқиқот институти ўртасида истиқболли ҳамкорлик ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифи чоғида 2024 йилнинг 8 май куни Корея Республикасининг Сежонг шаҳрида адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев ва Корея қонунчилик тадқиқот институти раҳбари Ёнг Су Хан ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Корея қонунчилик тадқиқот институти вакиллари томонидан қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёни ҳамда эришилган ютуқлар бўйича тақдимот қилинди. Институт Корея Республикасининг бош вазири ҳузуридаги 26 та илмий тадқиқот институтларидан бири бўлиб, асосий вазифаси ҳуқуқий сиёсат ва қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш, тадқиқотлар ўтказиш ҳисобланади.

Шунингдек, учрашув давомида норма ижодкорлиги жараёнларига сунъий интеллектни жорий қилиш ҳамда келгусида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солиш бўйича институтнинг илғор тажрибаси ўрганилди.

Бундан ташқари, институт томонидан қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашда молиявий, бюджет, ижтимоий, иқтисодий, атроф-муҳит, экология ва хавфсизликка таъсири жиҳатидан таҳлил қилиш, шунингдек, мазкур жараёнларда манфаатдор томонлар фикр-мулоҳазаларини ўрганиш бўйича илмий методология ва амалий мисоллар билан маълумот берилди.

Томонлар амалий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида англашув меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам имзолашга келишиб олди.

Мавзуга оид