Жаҳон | 08:13 / 13.05.2024
9418
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги сув тошқинлари оқибатида 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Афғонистонда кучли ёмғир туфайли юзага келган кучли сув тошқини 300 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. БМТ маълумотларига кўра, 1000 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

Фото: Mehrab Ibrahimi/AP

Афғонистон шимоли-шарқида кучли ёғингарчилик туфайли юзага келган вайронагарчиликлар оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Мамлакатдаги ҳукмрон «Толибон» ҳаракати маълумотларига кўра, 12 май, якшанба куни қурбонлар сони 315 кишига етган, 1600 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 10 май куни бошланган сув тошқини бошқа вилоятларга қараганда учта вилоят – Бағлон, Тахар ва Бадахшонга кўпроқ зарар етказган. Бир кун аввал департамент 153 нафар табиий офат қурбонлари ҳақида гапирган эди. БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури вакиллари табиий офат натижасида 1000 дан ортиқ уй вайрон бўлганини, зарар кўрган ҳудудларнинг аксариятида йўллар юк машиналари етиб бора олмайдиган ҳолатга келганини таъкидлади.

Save the Children халқаро хайрия ташкилоти табиий офатдан айниқса болалар жабр кўргани ҳақида огоҳлантирди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Бағлон вилоятининг энг кўп жабрланган бешта туманида 600 минг киши, жумладан, 310 минг бола истиқомат қилади.

Толибларнинг табиий офатлар билан курашиш вазирлиги вакили айтишича, сув тошқинлари Кобулга ҳам таъсир кўрсатди. Унга кўра, жабрланган ҳудудларга озиқ-овқат ва бошқа ёрдамлар билан қутқарув гуруҳлари юборилган.

Апрел ойида бутун мамлакат бўйлаб кучли ёмғир ва сув тошқини оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид