Жаҳон | 08:14 / 17.05.2024
3878
2 дақиқада ўқилади

Россия британиялик ҳарбий атташени мамлакатдан чиқариб юборяпти

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Лондон Россиянинг Британиядаги ҳарбий атташесини чиқариб юборганидан ушбу қадам ҳақида эълон қилди. Британия расмийлари россияликни жосусликда айблаганди.

Россия Британиянинг Лондондаги рус ҳарбий атташесини чиқариб юборганига жавобан Британиянинг Москвадаги элчихонаси мудофаа атташеси Адриан Когхиллни персона нон грата деб эълон қилди. 16 май, пайшанба куни Россия ТИВ сайтида эълон қилинган хабарга кўра, унга бир ҳафта ичида Россия Федерациясини тарк этиш буюрилган

«16 май куни Британиянинг Москвадаги элчихонаси вакили Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга ушбу мамлакат расмийлари томонидан 8 май куни мудофаа атташеси бўйича қабул қилинган нодўстона ва асоссиз қарор юзасидан кескин норозилик билдирилди. Биз бу қадамни икки томонлама муносабатларга тузатиб бўлмайдиган зиён етказувчи, аниқ русофобик характердаги ҳаракат сифатида баҳолашимизни таъкидладик», — дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. 

Лондоннинг муносабати

8 май куни Лондон Россия ҳарбий атташеси мамлакатдан чиқариб юборилганини эълон қилди. Британия ички ишлар вазири Жеймс Клеверли россиялик дипломатни «ёмон ниятли фаолият» билан шуғулланган «ҳарбий разведка ходими» деб атади. Британиянинг чораларига жавобан у Россия ҳукуматидан «русофобия, фитна назариялари ва истерия айбловларини» эшитишини кутаётганини қўшимча қилди, аммо Британия ҳукумати «алданиб қолмаслиги»ни айтиб ўтди. 

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Британия атташесини чиқариб юбориш ҳақидаги қарорини изоҳлар экан, Клеверли буни «умидсизлик қадами» деб атади. Вазирнинг сўзларига кўра, британиялик дипломат «Россия раҳбарияти назарида Украинага ноқонуний бостириб кириш фонида Британиянинг ушбу давлатга ёрдам беришга содиқлигини намоён этган». 

Мавзуга оид