Жаҳон | 21:22 / 26.05.2024
11642
2 дақиқада ўқилади

Доҳа–Дублин рейсида турбулентлик сабаб 12 киши жароҳатланди

Qatar Airways'нинг Доҳадан Дублинга учган рейси Туркия осмонида турбулентликка учраши натижасида 6 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси жароҳатланди. Самолёт манзилига қўнгач, 8 киши шифохонага олиб кетилган. Бундан 5 кун олдин Singapore Airlines'нинг Лондон–Сингапур рейси турбулентликка учраб, 73 ёшли йўловчи вафот этганди.

Фото: Edgar Su / Reuters

Бугун, 26 май куни Қатар пойтахти Доҳадан Ирландия пойтахти Дублинга учган самолёт кучли турбулентликка учради. Натижада манзил-аэропортда рейсдаги кишилардан 8 нафари шифохонага олиб борилган. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

Воқеа Qatar Airways авиакомпаниясининг Boeing B787-9 русумли самолётида юз берган.

Дублин аэропорти ахборотига кўра, самолёт Туркия узра учиб ўтаётганида турбулентликка тушиб қолган, бундан 6 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси жароҳат олганини билдирган. Самолёт қўнгач, улардан 8 нафари шифохонага олиб борилган.

Рейснинг Пол Мокк исмли йўловчиси ирланд телевидениесига берган интервюсида айтишича, одамлар турбулентлик тўлқини сабаб бошини самолёт шифтига уриб олган, озиқ-овқат ва ичимликлар ҳаммаёққа сочилиб кетган. У кейинроқ экипаж аъзоларини бинт боғлаган ҳолда, оқсоқланиб юрганини кўрган.

Qatar Airways ўз баёнотида йўловчилар ва экипаж аъзоларидан бир неча нафари “кичик жароҳатлар” олгани, уларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, масала бўйича ички суриштирув ўтказилишини билдирди.

Бу воқеа Singapore Airlines'нинг Лондон–Сингапур рейсида турбулентлик сабаб бир йўловчи ҳалок бўлганидан 5 кун ўтиб содир бўлди. 73 ёшли пенсиядаги суғурта мутахассиси бўлган бу йўловчи Сингапур орқали Австралияга таътилга кетишаётган бўлган. Расмийларга кўра, унда юрак хасталиги бўлган, шу сабабли турбулентлик пайтида юрак ҳуружидан вафот этган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Мавзуга оид