Жаҳон | 00:05 / 30.05.2024
4735
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазодаги уруш яна 7 ой давом этишини тахмин қилмоқда

Ғазодаги ҳарбий амалиётлардан мақсад ҲАМАС бошқарувига барҳам бериш ҳамда унинг ва иттифоқчиларининг Исроилга ҳужумини тўхтатиш эканлиги таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

Исроил 29 май куни Рафаҳга танкларини юборди ва Ғазодаги ҲАМАСга қарши уруш йил охирига қадар давом этишини башорат қилди. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Қайд қилинишича, кўплаб ғазоликлар Исроил ҳужумидан қочиб бошпана топган Рафаҳга ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги Халқаро суд қарорига қарамай, Исроил сешанба куни Рафаҳга ўз танкларини олиб кирган.

Рафаҳ аҳолисининг таъкидлашича, Исроил танклари ғарбдаги Тел-ал-Султон, марказдаги Йибна ва Шабурагача бостириб кирган, сўнгра Миср билан чегарадаги буфер зонага чекинган.  

Аввалроқ, Халқаро суд Исроил Рафаҳдан эвакуация қилинганларнинг хавфсизлигини, озиқ-овқат, сув ва дори-дармон билан қандай таъминламоқчи эканини тушунтирмаганини маълум қилган эди. Суд шунингдек, ҲАМАСни 7 октябр куни гаровга олинган исроилликларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилишга чақирган.

Фаластин соғлиқни сақлаш расмийлари Исроилнинг Ғазо бўйлаб ҳаво ҳужумлари ва ўққа тутилиши оқибатида 19 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил ҲАМАС жангариларини тинч аҳоли орасида яширинишда айблайди, жангарилар эса буни рад этиб келади.

Таъкидланишича, Исроил ҳарбийлари Миср чегарасидаги буфер зонанинг тўртдан уч қисмини назорат қилмоқда ва ҲАМАСнинг қурол контрабандаси олдини олиш учун барча қисмини назорат қилишни мақсад қилган. Бу ҳақда  Исроил Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Цачи Ханегби маълум қилди.

Ғазодаги жанглар ҳеч бўлмаганда 2024 йил бўйи давом этади, деб қўшимча қилди у. Шунингдек, Исроил фаластинлик маҳбуслар билан исроиллик гаровга олинганларни алмашишни кўзда тутувчи келишувнинг бир қисми сифатида ҲАМАС талаб қилгандек урушни тугатишга тайёр эмаслигига ҳам ишора қилди.

«Рафаҳдаги жанглар маъносиз уруш эмас», деди Ханегби, мақсад Ғазодаги ҲАМАС бошқарувига барҳам бериш ҳамда унинг ва иттифоқчиларининг Исроилга ҳужумини тўхтатиш эканлигини такрорлади.

Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ 28 май куни Рафаҳда ўтказиладиган йирик ҳарбий амалиётга қарши эканини яна бир бор такрорлади ва бундай операция аллақачон ўтказилаётганига ишонмаслигини ҳам айтди.

Женевада, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) йиғилишида 30 дан ортиқ давлат Исроилнинг Ғазодаги шифохоналарга қилган ҳужумларини қоралади ва анклавдаги соғлиқни сақлаш инқирозидаги ролини янада чуқурроқ текширишни талаб қилди. Исроил вакили эса ҲАМАСни соғлиқни сақлаш муассасаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланган ҳолда «беморлар хавфсизлигини атайлаб хавф остига қўйганликда» айблади.

Мавзуга оид