Жаҳон | 10:42 / 07.06.2024
5823
2 дақиқада ўқилади

Франция бош вазири Россияни мамлакат ишларига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди

Россиянинг бошқа давлатлар ички ишларига аралашуви «янги жаҳон урушига айланиши мумкин», деди Франция бош вазири Габриэл Аттал.

Фото: AP

Франция бош вазири Габриэл Аттал Россияни бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ҳақида қаттиқ огоҳлантирди. «Ушбу аралашув бизнинг янги жаҳон урушимизга айланиши мумкин», деди Аттал 6 июн, пайшанба куни France 2 радиосига берган интервюсида. Франция бош вазири Россия Федерациясининг ҳаракатларини «бизни бўлмоқчи бўлган ташқаридан манипуляция» деб атади.

Россия аралашуви «жамоатчилик фикрини манипуляция қилишга уриниш бўлган заҳардир», деди Аттал. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Франция хавфсизлигига «янги, гибрид шаклда» таҳдид солмоқда. 

Россия аралашувига мисоллар

Россия аралашувига мисол сифатида, Аттал яқинда Эйфел минораси остида француз байроғи ва «Украинанинг француз аскарлари» ёзуви туширилган тобутлар пайдо бўлган ҳолатга ишора қилди. 

Франция бош вазири келтирган Россия провокациясининг яна бир мисоли, октябр ойи охирида, Исроилнинг ҲАМАС ҳаракатига қарши уруши бошланганидан кўп ўтмай, Париждаги уйларда Довуд юлдузлари тасвирланган граффитилар пайдо бўлганига тааллуқли.

Франция чет эл аралашувига қарши курашмоқчи 

Франция парламентининг қуйи палатаси - Миллий ассамблея март ойи охирида чет эл аралашувига қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатда хорижий манфаатларни илгари суриш билан шуғулланувчи хорижликларнинг махсус реестрда рўйхатдан ўтиш мажбурияти, шунингдек, бунда гумон қилинаётган шахсларнинг активларини музлатиш имконияти кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси потенциал хорижий агентларни алгоритмик тарзда интернет-кузатувидан фойдаланишга имкон беради, деб таъкидлади Le Monde газетаси. 

Мавзуга оид