Германия канцлери: Берлин Россияга қарши санкцияларни блокламаяпти
Олаф Шолц Германия ва Венгрия ўртасидаги таққослашни рад этиб, Берлин Россия Федерациясига қарши санкцияларни тўсиб қўймаслигини таъкидлади. Германия канцлери фикрича, ЕИ чоралари немис компаниялари фаолиятига халақит бермаслиги керак.
Россияга қарши янги санкциялар пакети бўйича баҳсда Германия канцлери Олаф Шолц Европа компанияларининг жазоларни бузгани учун жавобгарлиги тўғрисидаги бандни бекор қилишни талаб қилаётган Берлин позициясини тасдиқлади. Шу билан бирга, Шолц Германия янги санкциялар қабул қилинишига тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги даъволарни рад этди. «Йўқ, биз уларга тўсқинлик қилмаяпмиз», деди у 15 июн, шанба куни Италия жанубида бўлиб ўтган «Еттилик гуруҳи» (G7) саммити доирасида ZDF телеканалига берган интервюсида.
Германия ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, санкциялар бўйича «интенсив иш» жараён бошқа иштирокчилари билан биргаликда, хусусан, Германия саноати вакиллари билан келишилган ҳолда олиб борилмоқда.
Олаф Шолц Берлиндаги расмийларнинг позициясини экспортга йўналтирилган Германия иқтисодиётига Россияда бўлмаслиги керак бўлган товарларни бошқа мамлакатларга экспорт қилишни давом эттириш имкониятини тақдим этиш истаги билан изоҳлади. Welt телеканалига берган интервюсида канцлер компаниялар фаолиятига халақит бермайдиган ечимлар зарурлигини айтди. «Бу амалий масала, принципиал эмас», - дея таъкидлади у.
Шолц: Германия - янги Венгрия эмас
Шу билан бирга, Шолц Германия ва Венгрия ўртасидаги янги санкциялар пакетини қабул қилиш бўйича таққослашни рад этди. Европа Иттифоқи расмийларидан бирининг «Германия, бу аввалроқ Россия Федерациясига қарши Европа санкциялари қабул қилинишига ва Киевга ёрдам кўрсатилишига бир неча бор тўсиқ қўйган янги Венгрия» деган баёнотига изоҳ берар экан Олаф Шолц, «бу чиройли, лекин бутунлай бемаъни ибора», деди.
Бир кун олдин Reuters агентлиги Германиянинг позицияси туфайли Европа Иттифоқи Россияга қарши 14-санкция пакети бўйича келиша олмагани, у, хусусан, Россия суюлтирилган газини қайта юклашни тақиқлашни ўз ичига олгани ҳақида хабар берган эди. Берлиннинг эътирозлари немис саноатига потенциал таъсир кўрсатиши сабабли шуъба корхоналар жавобгарлиги тўғрисидаги бандга тегишли эди.
Европа Иттифоқи Украинадаги урушни ҳал қилиш бўйича Швейцариядаги тинчлик саммити бошланишидан олдин янги санкцияларни маъқуллашини эълон қилиши кутилганди. Россияга қарши жазо чораларининг навбатдаги муҳокамаси 19 июнга белгиланган.
Мавзуга оид
14:56
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024