Жаҳон | 11:16 / 25.06.2024
6028
2 дақиқада ўқилади

Россия прокуратураси рэпер Алишер Моргенштернга қарши иш очишни талаб қилди

Россияни тарк этган рэпер, Москва прокуратурасига кўра, «чет эл агентлари» учун қўйилган талабларни бузгани учун бир йилда икки марта жаримага тортилган. Эндиликда маҳкама Моргенштернга нисбатан жиноий иш очишни талаб қилди. 

Фото: Sergei Karpukhin/TASS/dpa/picture alliance

Москва шаҳар прокуратураси рэпер Алишер Моргенштернга нисбатан эълон қилган маълумотлари ва хабарларини «чет эл агенти» деб белгиламагани учун жиноий иш қўзғатиш ташаббуси билан чиқди. Маҳкама бу ҳақда 24 июн, душанба куни эълон қилди. Унга кўра, Моргенштерн бир йил давомида икки марта «чет эл агенти» фаолияти учун белгиланган тартибни бузганлик моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган, аммо у ижтимоий тармоқларда материалларни керакли белгиларсиз эълон қилишда давом этган.

«Прокурор текшируви материаллари Алишер Моргенштернни Россия Жиноят кодексининг 330.1-моддаси 2-қисми (Россия Федерацияси қонунчилигида чет эл агентлари бўйича назарда тутилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаш) бўйича жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тергов органига юборилди», - дейилади прокуратура баёнотида. 

Мусиқачига қарши қўйилган жиноий модда икки йилгача қамоқ жазосини ўз ичига олади, деб ёзади «Медиазона». Нашрнинг эслатишича, Адлия вазирлигига ҳисобот тақдим этиш рад этилгани ва Telegram-каналда «чет эл агентлари» учун зарур белги йўқлиги сабабли 2024 йил баҳорида «чет эл агенти» баённомалари бўйича иккита жарима қўлланган. Агар «чет эл агентлари» реестрига киритилган шахс бир йилда икки марта худди шундай маъмурий модда билан жаримага тортилган бўлса, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкин. 

Моргенштерн 2022 йил май ойида жисмоний шахслар - «чет эл агентлари» реестрига киритилган. У 2021 йилнинг ноябридан буён хорижда яшайди.

Мавзуга оид