Украина ва Озарбойжон фуқаролари Тошкент вилоятида нарколаборатория ташкил этгани аниқланди
Украина фуқароси ва Озарбойжон фуқароси вақтинча истиқомат қилаётган Юқори Чирчиқдаги хонадонда синтетик гиёҳвандлик воситаси, ярим тайёр наркотик моддалар ҳамда прекурсорлар борлиги аниқланди. Улар бу манзилда яширин нарколаборатория ташкил этиб, хориждан келтирилган хомашёлар ёрдамида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан божхона ҳамда ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, Украина фуқароси ва Озарбойжон фуқароси вақтинча истиқомат қилаётган Юқори Чирчиқ туманидаги хонадонда 411 гр “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситаси, 7 кгга яқин ярим тайёр наркотик моддалар ҳамда 237 кг прекурсорлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, улар ушбу манзилда яширин нарколаборатория ташкил этиб, хориждан келтирилган хомашёлар ёрдамида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланишган.
Сергели туманида қайд этилган ҳолатда, қўшни республикадан халқаро йўловчи ташувчи автобус орқали юборилган 4 кг 799 гр “Альфа-ПВП” синтетик наркотикни қабул қилиб олган вақтида мазкур туманда яшовчи шахс қўлга олинди. Аниқланишича, у “Телеграм” мессенжерида фаолият юритувчи наркодўкон учун омбор вазифасини бажариб келган.
Бошқа ҳолатда эса, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи шахс ўзининг яшаш хонадони яқинида жойлашган электр трансформатори остига келгусида сотиш мақсадида 584 гр “гашиш” моддасини яшириб қўйганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур фуқаро “Телеграм” мессенжерида наркодўкон ташкил қилиб, хориждан олиб келинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонунбузарларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Мавзуга оид
08:30 / 04.11.2024
ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
12:10 / 29.10.2024
Тошкент вилоятида фуқаро ўзи ташлаган чиқиндини ўзи тозалади
18:09 / 25.10.2024