Жаҳон | 08:21 / 16.07.2024
5896
3 дақиқада ўқилади

Берлин Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришдан бош тортди

Германия ҳукумати бундесверда битта ҳам F-16 самолёти йўқлигини таъкидлади. Учувчиларни тайёрлашдаги қийинчиликлар туфайли ҳар хил турдаги жанговар қирувчиларни Киевга ўтказиш мантиққа тўғри келмайди.

F-16 самолёти Фото: Matrix Images

Германия ҳукумати аввалроқ Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ)дан мухолифат етакчиси Фридрих Мерц томонидан билдирилган Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича таклифни рад этди. Бу ҳақда 15 июл, душанба куни Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебештрайт маълум қилди. Унинг эслатишича, Киевга жорий йилнинг ёзида жойлаштирилиши мумкин бўлган F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича бир қанча давлатлар тегишли ташаббус кўрсатмоқда. 

Шу билан бирга, dpa агентлиги ҳукумат вакилидан иқтибос келтиришича, бундесверда битта ҳам F-16 самолёти йўқ. «Украинага ҳар хил турдаги қирувчиларни юборишдан маъно йўқ, гарчи қирувчилар ташқи кўриниши бўйича бир-бирига ўхшаш бўлса ҳам, улар назорат жиҳатидан жуда фарқ қилади», — дея тушунтирди Хебештрайт. 

Мерц: Украинага осмонда суверенитетни тиклашга ёрдам беринг 

Бир кун аввал Фридрих Мерц Германиянинг Киевга ҳарбий ёрдамини кучайтириши, хусусан, қирувчи самолётлар етказиб бериш тарафдори эканини айтган эди. «Мен Украинага ҳеч бўлмаганда ўз ҳаво ҳудуди устидан суверенитетни тиклашга ёрдам беришимиз керак, деб ҳисоблайман, чунки инфратузилма, электр ва сув таъминоти, шифохоналар ва қариялар уйларига қилинган ракета ҳужумларини фақат ердан назорат қилиб бўлмайди», деди Мерц 14 июл куни ARD телеканалидаги «Ўзингиздан сўранг» (Frag selbst) дастурига интервюсида. 

Кўпгина давлатлар аллақачон Украинани жанговар самолётлар билан таъминлашга ваъда беришган ва «биз немислар четда туролмаймиз», деди Германиянинг энг йирик мухолифат партияси раиси.

Украинага F-16 етказиб бериш бошланди

Ўтган ҳафта Вашингтонда якунланган НАТО саммитида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Дания ва Нидерландия Американинг F-16 қирувчи самолётларини Украинага топширишни бошлаганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, самолётлар шу йилнинг ёзида Украина осмонида пайдо бўлади. Норвегия ҳам бу йил олтита F-16 самолётини Украинага топширишини эълон қилди. 

Украина президенти Володимир Зеленский таъкидлаганидек, Украинага камида 128 та F-16 қирувчиси керак. 

Мавзуга оид