Жаҳон | 21:18 / 20.07.2024
34285
2 дақиқада ўқилади

АҚШда қамоқда 43 йил ноҳақ ўтирган аёл озодликка чиқди

21 ёшида қотилликда айбдор деб топилган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган аёл айбсиз деб топилди.

Фото: HG Biggs/The Kansas City Star via AP

АҚШ Миссури штатида 64 ёшли Сандра Ҳемме қилмаган жинояти учун 43 йил қамоқда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди. Бу ҳақда AP хабар берди.

Ҳемме 1980 йилда маҳаллий кутубхоначини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Ягона далил аёлнинг чин дилдан иқрор сўзлари эди. Улар Ҳемме психиатрия шифохонасида транквилизаторлар таъсирида бўлганида олинган ва асосан терговчиларнинг саволларига бир бўғинли жавоблардан иборат эди.

Суд ишни кўриб чиқиш чоғида бундай иқрорликни далил деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини аниқлади. Суд, шунингдек, тергов бошқа гумонланувчига ишора қилувчи далилларни эътиборсиз қолдирганини таъкидлади. Жумладан, жиноят содир этилган куни ўлдирилган аёлнинг уйи яқинида полициячининг машинаси бўлгани аниқланган, кейинчалик унинг уйидан аёлнинг сирғалари топилган. У 2015 йилда вафот этган.

Ҳеммени озод қилиш қарори июн ойида қабул қилинди, бироқ штат прокурори бунга қарши чиққан эди. У озод қилиш қарорига биринчи навбатда апелляция судида, кейин эса штат олий судида эътироз билдирди (иккала мурожаат ҳам рад этилди), шунингдек, назоратчига шахсан қўнғироқ қилди ва Ҳеммени озод қилишни тақиқлади. Прокурор судга ҳурматсизлик қилгани учун жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилингандан кейингина аёл қўйиб юборилди.

Ҳемменинг иши Қўшма Штатлардаги аёл учун энг узоқ муддат ноҳақ қамоқ жазоси бўйича рекорд ўрнатди.

Аввалроқ, Глин Симмонс жиноят учун энг кўп қамоқ жазосини ўтаган, кейинчалик бу жиноят исботланмаган деб топилган. У 1975 йилда судланган ва 2023 йилда 48 йилу бир ой 18 кун қамоқда ўтириб, оқланган эди.

Мавзуга оид