Жаҳон | 11:51 / 02.08.2024
6187
3 дақиқада ўқилади

Ўлдирилган чеченистонликнинг қариндошлари Красиков Россияга топширилганидан норози

Германияда Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган «ФСБ» ходими Вадим Красиков Россия Федерацияси ва Ғарб ўртасидаги кенг кўламли маҳбус алмашинуви доирасида Москвага топширилди.

Фото: AP

Берлинда ўлдирилган чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилининг яқинлари жиноятчи, Федерал хавфсизлик хизмати ходими экани айтилаётган Вадим Красиков Россияга топширилгани ҳақидаги хабарни норозилик билан қарши олди. «Қотиллик содир этилганига ҳатто беш йил ҳам бўлгани йўқ ва ёлланган қотил яна озодликка чиқди», деди қурбоннинг Германияда яшовчи қариндошлари 1 август, пайшанба куни адвокати Ингу Шулц орқали. 

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Красиковнинг Россия томонига топширилиши «биз учун фалокатли хабар бўлди», дейилади Ханқошвилининг қариндошлари баёнотида. «Бир томондан, кимнингдир ҳаёти сақлаб қолинганидан хурсандмиз. Шу билан бирга, дунёда қонун йўқдек туюлганидан жуда хафамиз, ҳатто қонун олий ҳокимият бўлган мамлакатларда ҳам», - дея давом этади улар.

Берлин: Красиковни Россияга топшириш қийин қарор бўлди 

Германия ҳукумати 1 август, пайшанба куни Россия Федерацияси ва Ғарб ўртасидаги йирик маҳбус алмашинуви доирасида қотил Вадим Красиковни Россияга топшириш осон қарор бўлмаганини тан олди. Берлин Россияда ноқонуний қамоқ жазосига ҳукм қилинган 15 кишини ва Беларусда аввалроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган бир Германия фуқаросини озод қилишга эришилганини таъкидлади. 

Расмий Берлин Россия ва Беларус ҳукуматини ноҳақ судланган барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди. «Биз Россия Федерациясида Украинага қарши тажовузкор уруш ҳақида ўз фикрларини ва ҳақиқатни айтгани учун ҳали ҳам қамоқда ўтирганларнинг барчасига қўллаб-қувватлов билдирамиз», деб таъкидлади Хебештрайт. 

Россия ва Ғарб ўртасида маҳбуслар алмашинуви 

1 август, пайшанба куни Анқара аэропортида Россия, Беларус ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтганини Туркия расмийлари тасдиқлади. Туркия оммавий ахборот воситалари жараёндан олинган тасвирларни намойиш қилган ва унда 26 киши иштирок этганини хабар берган. 

Берлинда чеченистонликнинг ўлдирилиши 

Россия томонидан терроризмда айбланиб қидирувга берилган Зелимхон Ханқошвили 2019 йилнинг 23 август куни Берлиндаги Кичик Тиргартен боғида отиб ўлдирилган. Вадим Красиков Вадим Соколов номига ёзилган ҳужжатлар билан ўша куни қўлга олинди. 

Суд жараёни 2020 йил октябр ойида бошланган ва бир йилдан ортиқ давом этган. 2021 йил декабр ойида Красиков умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Берлин Олий ер суди прокурорнинг Красиков ушбу қотилликни Россия расмийлари кўрсатмаси билан содир этганлиги ҳақидаги даъвосини исботланган деб ҳисоблади. 

Мавзуга оид