Зеленский: Ҳудудларни бериш - фақат халқ розилиги билан
Украина президенти Le Monde газетасига берган интервюсида мамлакат ҳудудий яхлитлиги масаласини «Украина халқи иштирокисиз» ҳал қилиб бўлмаслигини айтди. У Россиянинг иккинчи тинчлик саммитида иштирок этиши муҳимлигини қайд этди.
Украина президенти Володимир Зеленский Россия билан урушни тинч йўл орқали ҳал қилиш доирасида халқнинг розилигисиз мамлакат ҳудудини бериш ниятида эмас. «Украинанинг ҳудудий яхлитлигига оид ҳар қандай муаммони бир президент, бир шахс ёки бутун дунё президентлари Украина халқи иштирокисиз ҳал қила олмаслигини тушунишингиз керак», деди у 31 июл куни Le Monde газетасига берган интервюсида.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Украина расмийлари «расман ўз ҳудудларини беришга ҳаққи йўқ». «Украина халқи буни хоҳлаши керак», деб қўшимча қилди Зеленский. Унинг фикрича, шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Россия президенти Владимир Путин бундай қадамни ғалаба сифатида қабул қилади ва шунинг учун «бу масала жуда, жуда ва жуда қийин».
Россия иштирокидаги эҳтимолий музокаралар
Le Monde газетасига берган интервюсидан маълум бўлишича, Зеленский Россияни музокаралар столида кўрмоқчи. «Кўпчилик давлатлар сингари, мен ҳам ноябр ойида бўлиб ўтадиган тинчлик бўйича иккинчи саммитда Россия вакиллари иштирок этиши керак, деб ҳисоблайман, акс ҳолда улар қўшма режа ишлаб чиқишимизга тўсқинлик қилмаслиги шарт», — дея Украина президентининг сўзларини келтиради нашр.
Украина Конституциясининг 73-моддасида ҳудудий ўзгаришлар фақат умумхалқ референдумидан сўнг амалга оширилиши мумкин, дея қайд этилган. Конституциянинг 133-моддасида ҳам барча ҳудудлар, жумладан, Қрим яримороли, Севастопол шаҳри ва Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя вилоятлари санаб ўтилган. Бундан ташқари, конституцияга ўзгартириш киритиш учун Украина парламентида кўпчилик овоз керак.
Ғарб узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат беришда эҳтиёткор бўлиб қолмоқда
Украина президенти ҳали ҳам Ғарб ҳамкорларидан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга Америка ва Европа ракеталари билан ҳужум қилиш учун рухсат олишга умид қилмоқда. «Афсуски, бизнинг ҳамкорларимиз бундан ҳамон қўрқяпти», — деди Зеленский. Шу билан бирга, у Пекиннинг Москвага мақсадли босим ўтказишини истаяпти: «Мен ҳам худди Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи қандай босим ўтказаётгани каби, Хитой бу урушни тугатиш учун Россияга босим ўтказишини истардим».
Айни пайтда, Американинг F-16 қирувчи самолётлари биринчи партияси Украинага етиб келди, деб хабар берди Bloomberg 31 июл куни хабардор манбаларга таяниб. Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, гап оз сонли самолётлар ҳақида кетмоқда, уларнинг етказиб берилиши муддати июл ойи охири бўлган. Сўнгги ойларда F-16’да учиш ва унга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар ўтказган украиналик учувчилар дарҳол жанг майдонида самолётлардан фойдалана оладими ёки бу кўпроқ вақт талаб этадими, ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
Украинада ҳудудлардан воз кечишга тайёрлар улуши ортди
Ҳарбий ҳаракатларни тугатиш учун ҳудудлардан воз кечишга тайёр украиналикларнинг улуши сўнгги бир йил ичида уч баравар ошди. Буни Киев халқаро социология институти 23 июл куни эълон қилган сўров маълумотлари тасдиқлайди.
Социологлар таъкидлаганидек, 2022 йилнинг майидан 2023 йилнинг майигача бўлган даврда вазият нисбатан барқарор эди: респондентларнинг тахминан 8-10 фоизи Россияга ҳудудий ён беришга тайёр, мутлақ кўпчилик – 82-87 фоиз ҳар қандай имтиёзларга қарши чиққан.
Бироқ, 2023 йилнинг май-октябр ойлари орасида Украина муваффақиятсиз қарши ҳужумни бошлаганида, бу кўрсаткич ўсишни бошлади. «Шундай қилиб, 2023 йил охирига келиб, имтиёзлар бериш истаги 19 фоизга, 2024 йилнинг февралида – 26 фоизга, 2024 йилнинг май ойида – 32 фоизгача ошди», — дейилади маълумотда.
Шу билан бирга, урушни тугатиш учун ҳудудий имтиёзларга қарши чиққанлар сони йил давомида 29 фоизга - 84 фоиздан 55 фоизга камайди. Ушбу динамика мамлакатнинг тахминан барча ҳудудларида кузатилмоқда, лекин жанубда энг сезиларли даражада.
Мавзуга оид
17:24 / 14.11.2024
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:08 / 14.11.2024
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024