Жамият | 13:04 / 15.09.2024
5873
2 дақиқада ўқилади

Шоира Бибисора Туробова 72 ёшида вафот этди

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Бибисора Туробова 72 ёшида вафот этди. Марҳуманинг 10 га яқин шеърий китоблари нашр этилган, 2011 йилда ёзилган «Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин» шеъри машҳур бўлганди.

Фото: Intervyu TV / YouTube

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Бибисора Туробова 15 сентябрь куни вафот этди, дея хабар бермоқда уюшма матбуот хизмати.

Бибисора Туробова 1952 йил 1 сентябрда Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилояти Хатирчи туманида туғилган. Ўрта мактабдан кейин Мактабгача таълим техникумида ўқиб, сўнг Самарқанд давлат педагокогика институтида таълим олган.

У Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, меҳрибонлик уйи директори лавозимларида ҳам фаолият юритган.

1990-йилларда Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган. 10 га яқин шеърий китоблари нашр этилган. Айниқса, «Келин салом» ва «Мен излаган қувонч» шеърий китоблари катта эътибор топган. Ижтимоий тармоқларда унинг 2011 йилда ёзилган «Ўлсам жанозамни булбул ўқисин» мисралари билан бошланадиган шеъри Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан ёзилган дея нотўғри талқин қилиб келинган.

Бибисора Туробова сўнгги интервюларидан бирида ижарама-ижара юрганини маълум қилганди.

Мавзуга оид