Ўзбекистон | 13:49
1598
5 дақиқада ўқилади

“Росатом” вакили: “Қирғизистонга АЭС албатта керак”

Россия Қирғизистонда ҳам атом электр станциясини қурмоқчи. Бу масалани ўзаро ҳамкорликда ўрганиб чиқиш бўйича шартномалар имзоланган. Айни масалада қирғизистонлик фаоллар ўз хавотирларини билдириб келади. Келаётган якшанба куни Қозоғистонда АЭС қурилиши борасида умуммиллий реферундум бўлиб ўтади.

Фото: Спутник / Константин Чалабов

“Росатом” корпорациясининг Қирғизистондаги ваколатхонаси бош директори Дмитрий Константинов ушбу мамлакатда кам қувватли атом электр станцияси қуриш масаласи қайси босқичда экани ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Атом станцияси лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қирғиз ҳамкорларимиз масаланинг максимал даражада барча жиҳатларига “шўнғиб”, нюансларни ўрганиб чиқмоқда. Бу ерда ахборот кампанияси муҳим аҳамиятга эга. Масалан, 10 октябр куни энергетика соҳаси фахрийлари учун атом энергетикасининг хавфсизлиги ҳақида семинар ўтказиш режалаштирилмоқда. Ҳамкорларимиз қанча кўпроқ маълумотга эга бўлишса, шунча яхши”, – дея “Росатом” расмийсининг Бишкекда ўтган брифингдаги сўзларини келтирмоқда “Спутник Қирғизистон”.

Константиновнинг қўшимча қилишича, ўтган йили Қирғизистон делегацияси Воронеж АЭСда бўлиб қайтган.

“Делегация аъзолари бундай энергетика объекти амалиётда қандай ишлаётганини ўз кўзи билан кўришди. Станция ҳудуди бўйлаб хотиржам юриш мумкинлигидан кўпчилик ҳайратланди. У ердаги радиация даражаси бошқа ҳудудлардаги табиий радиация даражасидан пастроқ”, – таъкидлади “Росатом Қирғизистон” раҳбари.

Дмитрий Константинов атом энергетикасини мамлакат тараққиётининг асоси деб атади.

“Қирғизистонда энергетик мувозанат учун атом станцияси, албатта, керак. Барча ривожланган давлатлар бугун энергетик балансда АЭСнинг ҳиссасини оширмоқда. Россияда, масалан, бу ҳисса 2030 йилга бориб 20 фоиздан 24 фоизга етади”, – деди у.

“Қирғизистонда атом станциясини қуриш ҳақидаги қарорни халқ ҳукумат билан биргаликда қабул қилади. Биз бу қарорнинг объектив бўлишини таъминлаш учун ўз томонимиздан зарурий барча ахборотлар ва технологияларни тақдим этамиз”, дея қўшимча қилди Константинов.

Аввалроқ Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Сабирбек Султанбеков Россия томонидан қуриладиган АЭС Чуй вилоятида жойлашиши мумкинлигини айтган.

“Россиялик мутахассислар Қирғизистонга келиб, атом электр станциясини жойлаштиришнинг бир нечта вариантларини кўриб чиқишди. Тахминий мўлжалга кўра, станция Чуй вилоятида қурилади”, – деган қирғиз ҳукумати вакили журналистлар билан март ойидаги суҳбатда.

Аввалига қурилажак станция ҳар бири 50 мегаватт қувватли иккита реактордан иборат бўлиши кўзда тутилганди. Кейинроқ, Сабирбек Султанбековга кўра, “бу ҳеч нарсани ҳал қилмайди”, шу сабабли лойиҳа қувватини 300 мегаваттгача оширишга қарор қилинган.

2022 йил январ ойида Қирғизистон Энергетика вазирлиги ва “Росатом” ўртасида кам қувватли АЭС қуриш бўйича меморандум имзоланган. Ўша йилнинг ноябрида Қирғизистон Энергетика вазирлиги ва “Росатом” таркибига кирувчи “Русатом Энерджи Проджектс” АЖ ўртасида мамлакатда кам қувватли АЭС қурилишининг бирламчи техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича техник шартлар имзоланган.

Бу масала қирғиз жамоатчилиги орасида кенг муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда. Фаоллар Қирғизистон сейсмик фаол зонада жойлашгани, инфратузилма етишмовчилиги, етарли тажриба ва билимга эга кадрлар йўқлиги, ядровий чиқиндиларни экологияга зарар етказмасдан утилизация қилиш муаммоси борлиги, АЭС террорчилик ҳуружлари ва диверсиялар учун нишонга айланиши мумкинлиги туфайли хавфсизлик соҳасида жуда қалтис масалага айланиб қолишини таъкидлаб келади.

Эслатиб ўтамиз, “Росатом” Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида ҳам кам қувватли АЭС қурилишини бошлаш арафасида турибди. Фориш тумани ҳудудида, Тузкон кўли яқинида барпо этиладиган станция умумий 330 мегаваттлик олтита РИТМ-200Н реактор блокидан иборат бўлади. Қурилиш-монтаж ишларини шу йил кузда бошлаш кўзда тутилган. 10 сентябр куни лойиҳа доирасидаги ишларни бошлаш тўғрисида баённома имзоланди.

Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасининг қиймати ва молиялаштириш манбалари очиқланмаган. Рус нашрлари қурилишни тўлиқ Ўзбекистон ҳукумати молиялаштиришини ёзган.

Атом электр станцияси қуриш масаласи Қозоғистонда ҳам фаол муҳокама қилинмоқда. Жорий ҳафта охирида, 6 октябр куни бу масалада умуммиллий референдум ўтказилади. Референдум бюллетенида аҳолидан қуйидагича саволга жавоб бериш сўралади: “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?”

АЭС қуришга қарор қилинган тақдирда, станция қуриш учун Балхаш кўли яқинидаги Улкен посёлкаси танланиши мумкин. Ҳукумат атом реакторларини етказиб бериш бўйича Хитой, Франция, Россия ва Жанубий Корея компанияларини кўриб чиқаётганини маълум қилган.

Марказий Осиёнинг икки давлати – Тожикистон ва Туркманистон эса АЭС қуришга қизиқиш билдирмаган. Тожикистон гидроэнергетикани ривожлантириш учун жуда катта салоҳиятга эга, Туркманистон эса газ захиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Ўтган йили “Росатом” Тожикистон билан ҳам АЭС масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирганди

Мавзуга оид