Жаҳон | 21:54 / 23.10.2024
11275
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони тежамкорликка ўтмоқда — FT

Нефтдан келадиган даромадлар пасайиши ортидан подшоҳлик ҳукумати иқтисодий стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда. “Vision 2030” доирасидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш давом этади, аммо молиявий масалаларда эҳтиёткорлик оширилади.

Фото: Financial Times

Бир неча йилдан буён “Vision 2030” дастури доирасида улкан қурилиш лойиҳаларини амалга ошираётган Саудия Арабистони ўз иқтисодий стратегиясини эҳтиёткорликка урғу берган ҳолда қайта кўриб чиқмоқда, деб хабар беради Financial Times.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон эълон қилган “Vision 2030” мамлакатни модернизация қилиш ва унинг нефтга бўлган боғлиқлигини камайтиришга қаратилганди. Ундаги асосий лойиҳалар, жумладан, 65 миллиард долларлик Diriyah Gate мажмуаси ва бошқа “гига-лойиҳалар” Давлат инвестиция жамғармаси (PIF) томонидан молиялаштирилмоқда.

Аммо, нефтдан келадиган даромадлар пасайиши, нефт қазиб чиқаришнинг қисқариши давлат харажатларини камайтириш ва баъзи лойиҳалар муддатини узайтириш заруратини келтириб чиқарган.

Шу билан бирга, ҳукумат футбол бўйича 2027 йилги Осиё кубоги ва 2030 йилги World Expos кўргазмалари мезбонлигини сақлаб қолади. Йирик лойиҳаларга маблағ ажратиш давом эттирилса-да, молиявий масалаларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга ўтилади.

Қурилиш секторидаги молиявий қийинчиликлар инфляцион босим ва таъминот занжирида муаммоларни юзага келтирган.

Нефт мамлакатнинг асосий даромад манбайилигича қоларкан, ҳукумат янги саноат корхоналарини ривожлантириш ва нефтсиз экспортни кўпайтиришга уриняпти, аммо натижалар ҳамон мақсадли кўрсаткичлардан пастлигича қолмоқда.

Мавзуга оид