Нуқтайи назар | 15:30 / 28.10.2024
15236
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги туғилишлар сони камайди. Нега?

Иқтисодчи Миркомил Холбоев Ўзбекистонда туғилишлар сони камайишини «мавсумийликка» хос хусусият дея баҳолади. Унинг тушунтиришича, мазкур тенденция кўпроқ туғиш ёшидаги инсонлар сонининг олдинги авлодга нисбатан камайиши билан боғлиқ.

Фото: Kun.uz

Йил бошидан буён қарийб 694 минг туғилиш қайд этилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,2 фоизга пасайган (биринчи уч ойда бу фарқ 4,3 фоиз эди).

Яқин тарихимизда 2016 ҳамда 2017 йилларда ҳам туғилиш мос равишда 1,3 фоизга ва 1,4 фоизга пасайган эди. Бундан ташқари, 2011 (-1 фоиз), 2010 (-3,3 фоиз), 2005 (-1,3 фоиз) ҳамда 2003 (-4,6 фоиз) йилларда ҳам туғилишнинг пасайиши қайд этилган.

Мустақилликдан янги асргача бўлган иқтисодий қийинчилик ва тикланиш даврида эса туғилишнинг пасайиши одатий ҳолга айланиб қолганди. 1992-2000 йилларда фақатгина 1995 йилда туғилиш 3,2 фоиз ўсган бўлса, қолган барча йилларда туғилишнинг чуқур пасайиши кузатилган.

Хўш, жорий йилда кузатилаётган пасайиш яқин тарихимиздаги кузатилгани каби бир йиллик пасайишми ёки узоқ давом этувчи демографик муаммоларнинг бошланишими?

Бу саволга аниқ жавоб топиш қийин, лекин менимча ҳозирги пасайиш чуқур муаммоларни ифода этмайди. Ҳозирги пасайишнинг асосий сабаби эса 1992-2001 йиллардаги туғилишнинг пасайиши ҳисобланади. Ўша йилларда туғилишлар сони қарийб 30 фоизга пасайган. Масалан, мустақилликнинг илк йилларида 700 мингдан кўпроқ бола туғилган бўлса, янги асрга келиб бу кўрсаткич 500 минггача пасайган.

Ҳозирга келиб мустақилликнинг илк даврида туғилган инсонлар фарзанд кўриш давридан ўтмоқда ва айни чуқур пасайиш даврида туғилганлар мамлакатдаги туғилишлар сонида асосий рол ўйнай бошлаган. Бу эса табиий равишда туғилишнинг камайишига олиб келаётган бўлиши мумкин.

Масалан, ҳозирги туғилиш даражаси ва 27 йил олдинги (эркаклар учун ўртача турмуш кўриш ёши) туғилиш даражаси ўртасидаги боғлиқлик (коррелация) 0,46 фоиз атрофида. Бу ҳозирги туғилишлар сони 27 йил олдинги туғилишлар сонига сезиларли даражада боғлиқлигини кўрсатади.

Бу тенденцияни сўнгги йилларда никоҳлар сонининг пасайиш тенденциясидан ҳам кўриш мумкин. Хусусан, никоҳлар сони 2024 йилнинг 9 ойида 2,8 фоизга, 2023 йилда 4,3 фоизга ҳамда 2022 йилда 2,8 фоизга пасайган. Бу ҳолат биринчидан, никоҳ ёшининг бироз кўтарилаётгани билан изоҳланса, иккинчидан, мустақилликдан янги асргача бўлган даврда туғилишлар сонининг доимий пасайиш тенденцияси таъсири кўрина бошлагани билан изоҳланиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли орасида нисбатан камроқ фарзанд кўриш ҳақидаги қарорлар ҳам ҳозирги пасайишга таъсир қилаётган бўлиши мумкин. Лекин ҳар бир онага туғиш даражаси (fertility rate) сўнгги йилларда ўсиш тенденциясини намоён қилмоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2017 йилда 2,4 ни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 3,3 га етган. Яъни одамлар кўпроқ фарзанд кўришга қарор қилмоқда.

Умуман олганда, жорий йилда туғилиш билан кузатилаётган тенденция кўпроқ туғиш ёшидаги инсонлар сонининг олдинги авлодга нисбатан камлиги билан изоҳланса керак. Бошқача айтганда, жорий йилдаги пасайиш чуқур демографик муаммолар юзага келаётганини кўрсатмайди, балки «мавсумийликка» хос хусусиятга эга холос.

Миркомил Холбоев, иқтисодчи

Мавзуга оид