Жаҳон | 19:32 / 31.10.2024
3641
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди

Имомали Раҳмон бундай ҳаракатлар жиноий иш қўзғатишга асос бўлмаслигини маълум қилди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ички ишлар вазирлигидан фуқароларни ижтимоий тармоқларда «лайк» қўйгани учун таъқиб этишни бас қилишни буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятида салмоқли натижалар билан бир қаторда кўплаб камчиликлар ҳам мавжуд. Жумладан, сўнгги пайтларда айрим фуқаролар ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган материаллар ва видеоларни ёқтириб қолганини расмийлар далил сифатида кўрмоқда. Оқибатда фуқаролар қийинчиликка учрамоқда, бошқача айтганда, айрим мутасадди идоралар уларга нисбатан асоссиз жиноят иши қўзғатмоқда. Бу ҳаракатларга чек қўйиш керак», деди Раҳмон.

Тожикистонда расмийларга маъқул бўлмаган хабарларга «лайк» босган фуқароларга нисбатан бир неча йиллардан бери жиноий ишлар қўзғатилмоқда. Масалан, 2018 йил май ойида Хатлон вилоятининг Вахш туманида яшовчи Алижон Шарипов мухолифатдаги Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раҳбарининг чиқишлари акс этган видеоларга «лайк» ва «класс» босгани учун 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

2019 йил март ойида Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятининг Панжикент шаҳрида «Одноклассники» ижтимоий тармоғида «экстремистик» материал остида «класс» босган собиқ имом Қори Шохон Қосимов бир йилу тўрт ойга озодликдан маҳрум этилди.

2024 йил май ойида қўлга олинган Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Ванж туманидаги Язғулом водийси аҳолиси орасида камида бир киши ижтимоий тармоқдаги видеога «лайк» қўйгани учун ҳибсга олинган.

2019 йилда экстремизмга оид жиноий ишлар бўйича эксперт сифатида фаолият юритувчи Тожикистон президенти ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази ижтимоий тармоқлардаги постларга «лайк» қўйгани ва уларни улашгани учун жавобгарликка тортилиш амалиётини танқид қилган эди. Марказ раҳбари ўринбосари Рустам Азизийнинг тушунтиришича, ижтимоий тармоқларда «улашиш» опциясидан фойдаланиш, «лайк» ёки унинг ўхшаши «класс» босиш асосий далил бўла олмайди. Унинг сўзларига кўра, айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бошқа фойдаланувчиларнинг саҳифаларига кириб, ўз номидан изоҳ ёки «лайк» қолдиришади.

Мавзуга оид