Олимлар минглаб Starlink сунъий йўлдошларининг коинотга учирилишига қарши чиқди
Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдошлари энг ночор ҳудудларни ҳам интернет билан таъминлай олади. Бироқ улар атмосфера ва астрономик кузатувларга таъсир қилмоқда.
Юздан ортиқ коинот тадқиқотчилари АҚШ федерал ҳукуматига мурожаат қилиб, SpaceX компаниясининг минглаб Starlink сунъий йўлдошларини коинотга учиришга рухсат беришдан аввал экологик баҳолаш ўтказишни талаб қилди. Илон Маск компанияси аллақачон Федерал Алоқа Комиссияси(FCC)дан 12 мингга яқин сунъий йўлдош учиришга рухсат олган — бу ҳозир Ер орбитасида мавжуд бошқа жисмларнинг умумий сонидан икки баравар кўп. Энди SpaceX яна 20 минг сунъий йўлдош учиришга ариза топширди.
Ҳозирда FCC бундай оммавий учиришнинг эҳтимолий хавф-хатарларни баҳоламоқда. Бироқ қарийб қирқ йил аввал ишлаб чиқилган қоидаларга кўра, деярли барча телекоммуникация, жумладан, сунъий йўлдош лойиҳалари ҳам, мажбурий экологик экспертизадан озод этилган. Олимлар ўз мурожаатида ўша даврдан буён вазият сезиларли даражада ўзгарганини таъкидлади.
“Ушбу технология янги ва жамият учун фойдали бўлиши мумкин, лекин унинг фойдаси ва эҳтимолий зарарини тарозига солиш керак. Бунинг ягона йўли — экологик баҳолаш ўтказиш”, — дея таъкидлади мурожаатни ташкил этган Public Interest Research Groups (PIRG) ташкилотининг Designed to Last компанияси директори Лукас Гаттерман.
FCC’дан жавоб хати олган PIRG ушбу хавотирларни муҳокама қилиш учун учрашув ўтказишга умид қилмоқда.
Starlink сунъий йўлдошлари дунёнинг турли қисмларида, айниқса, қишлоқ жойларида ва инфратузилмаси яхши ривожланмаган мамлакатларда интернет қамровини таъминлайди. Бироқ атмосфера ва астрономик кузатувларга таъсир қилиши мумкин бўлган бир қатор муаммолар мавжуд.
Starlink объектлари орбитада тахминан беш йил фаолият кўрсатади. Шундан сўнг SpaceX уларни янгилари билан алмаштириш учун ишдан чиқариши ва атмосферада ёқиб юбориши мумкин. Бироқ олимлар сунъий йўлдошларнинг ёниши оқибатида ажралиб чиқадиган металл ва кимёвий бирикмалар катта миқдорда атмосферанинг юқори қатламларидаги элементлар мувозанатини бузиши мумкинлигидан хавотирда.
Бундан ташқари, Starlink сунъий йўлдошлари астрономларнинг ишини қийинлаштирмоқда. Лос Анжелесдаги Калифорния университети астрономия профессори Девид Жуиттнинг тушунтиришича, бу “саҳифалари маркер билан бўяб ташланган китобни ўқишга ўхшайди”. Яъни улар коинотнинг тиниқ суратларини олишга халал беради. Уларнинг таъсирини камайтириш учун астрономлар тасвирларни қайта олишга ёки сунъий йўлдош изларини бартараф этадиган махсус дастурлар яратишга мажбур бўлмоқда.
Сунъий йўлдош мега-туркумларининг экологик баҳоланиши космик тадқиқотлар ва коинотдан фойдаланиш сиёсатини янада самарали қилиш учун илк қадам бўлади. Ҳозирги кунда АҚШда сунъий йўлдошлар “умри”нинг турли босқичлари — учирилишдан to ишдан чиққунига қадар турли агентликлар томонидан назорат қилинади. Фақатгина комплекс ёндашув ушбу соҳадаги ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам бериши мумкин.
Лукас Гаттерманнинг фикрича, аниқ халқаро стандартларни ўрнатиш ҳам олимларга, ҳам космик соҳага фойда келтиради.
2019 йилда SpaceX Starlink сунъий йўлдошларининг дастлабки гуруҳларини учирганда жамоатчилик ва илмий ҳамжамият томонидан танқидга учраганди. Бутун дунё астрономлари сунъий йўлдошларнинг юқори нур қайтариш хусусиятига эътибор қаратган, шу сабабли компания уларнинг ялтироқлигини камайтириш учун махсус материал билан қоплашни бошлади.