Жаҳон | 10:10 / 04.11.2024
4312
3 дақиқада ўқилади

WP: Европа Трамп даврида АҚШ билан «муносабатларни узиш»га тайёрланмоқда

Европа расмийлари Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонса, Қўшма Штатлар билан эҳтимолий «трансатлантик муносабатларни узиб қўйиш»га тайёрланмоқда, деб ёзади The Washington Post. Савдо ва хавфсизлик соҳаларида чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Фото: Jabin Botsford/The Washington Post

Европа расмийлари, агар Доналд Трамп президентлик сайловларида иккинчи марта ғалаба қозонса, Қўшма Штатлар билан эҳтимолий «трансатлантик муносабатларни узиш»га тайёрланмоқда. Бу ҳақда 2 ноябр, шанба куни The Washington Post нашри ёзди.

Нашр Европанинг беш давлатидан 15 нафар сиёсатчи, дипломат ва таҳлилчи билан суҳбатлашди. Улар «хавфсизлик бўйича келишувларни Трампдан ҳимоя қилиш» режаларини ишлаб чиқиш, жумладан, Украинадаги уруш ҳақида гапиришган. Хусусан, деб ёзади WP, Европа расмийлари Америка сайловлари олдидан Киевга АҚШ ҳарбий ёрдамининг янги пакетларини ажратиш учун лоббичилик қилишга уринмоқда. Бундан ташқари, НАТО янги раҳбарияти Пентагоннинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш бўйича баъзи вазифаларини ўз зиммасига олди.

Савдо соҳасида Трамп Европадан импортга, хусусан, автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига (бу ҳақда республикачи 29 октябр куни Пенсилваниядаги митингда гапирган) божларни ошириши мумкин. Европа расмийлари, The Washington Post газетасига кўра, Америка товарларига божларни жавоб тариқасида ошириш ғоясини кўриб чиқмоқда. Брюсселнинг Вашингтон билан потенциал музокаралари бошқа вариантлари орасида Хитой савдо амалиётларига қарши ҳамкорликни таклиф қилиш ёки Қўшма Штатлардан импортни ошириш киради.

Трамп ЕИни савдо муносабатларида «мини-Хитой» деб атади

АҚШ собиқ президенти ва Республикачилар партиясидан ушбу лавозимга номзод Доналд Трамп АҚШнинг блок билан савдо алоқалари ҳақида гапирар экан, Европа Иттифоқини «мини-Хитой» деб атади. Трампнинг сўзларини 24 октябр куни AFP агентлиги келтирган.

«Улар бизнинг машиналаримизни олишмайди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизни олишмайди, улар ҳеч нарсани олишмайди. Сизда Европа Иттифоқи билан 312 миллиард долларлик камомад бор. Биласизми, Европа Иттифоқи мини-Хитой, ҳатто у мини ҳам эмас», деди Трамп. Европа Иттифоқи статистика агентлиги Евростат маълумотларига кўра, ўтган йили АҚШнинг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлашда камомади 157,9 миллиард еврони ташкил этган, бу 170,54 миллиард долларга тенг, деб ёзади AFP.

Мавзуга оид