Жаҳон | 22:39 / 04.11.2024
4656
2 дақиқада ўқилади

Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди

Европа Иттифоқи Хитойда ишлаб чиқарилган электромобилларга божхона тарифларини жорий қилгач, Хитой бунга қарши ҳаракатни бошлади.

Фото: AFP

Хитой 4 ноябр куни Жаҳон Савдо Ташкилотида (ЖСТ) ўзида ишлаб чиқарилган электр транспорт воситаларига Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан божхона тўловлари оширилгани туфайли баҳс бошлаганини эълон қилди. Бу ҳақда Politico хабар берди.

Пекин ўтган ҳафта Европа Иттифоқи Хитойнинг электромобил брендларига 8 фоиздан 35 фоизгача бож жорий этганидан кейин шундай йўл тутиши билан таҳдид қилган эди.

Европа Иттифоқи тарифларни бир йил давом этган текширувдан сўнг жорий этди, чунки хитойлик ишлаб чиқарувчилар «адолатсиз субсидиялардан фойда кўрмоқда».

Хитой Савдо вазирлиги «электр автомобил саноатини ривожлантириш манфаатларини ҳимоя қилиш ва яшил трансформация бўйича глобал ҳамкорликни таъминлаш учун Хитой Европа Иттифоқига қарши судга даъво киритди», деди.

ЖСТ расмийси шикоят берилганини тасдиқлади.

«Энди биз Хитойдан Европа Иттифоқи билан электр транспорт воситалари учун якуний компенсация божлари бўйича маслаҳатлашув сўрови олинганини тасдиқлашимиз мумкин», деди у.

Нашрнинг ёзишича, бу «Пекин ва Брюссел ўртасидаги савдо зиддиятларини кучайтирувчи сўнгги туртки». ЕИ яқин орада Хитойга музокаралар гуруҳини юбориши ва тарифлар бўйича муроса излаши кутилмоқда.

Октябр ойи охирида Еврокомиссия Хитойдан электромобиллар импортига беш йил муддатга компенсация божларини жорий қилди.

«Текширув шуни кўрсатдики, Хитойда электр транспорт воситаларининг қиймат занжири адолатсиз субсидиялардан фойда кўради, бу Европа Иттифоқи электромобил ишлаб чиқарувчиларига иқтисодий зарар етказиш хавфини туғдиради», деб хабар берди Еврокомиссия матбуот хизмати.

Мавзуга оид