Жамият | 17:26
7535
8 дақиқада ўқилади

“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” - ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)

Тошкентда сунъий уруғлантириш орқали ҳомилали бўлиши керак бўлган бир гуруҳ аёллар ЭКУ маркази томонидан алданиб қолгани айтилмоқда. Қайд этилишича, клиника таъсисчиларининг келишмовчилиги, касодга учрагани сабаб унинг пойтахтдаги филиали ёпилган, раҳбари эса Туркияга қочиб кетган. Уруғлантирилган эмбрионлар, тўланган пуллар билан нима бўлиши, аёлларга ким ёрдам қилиши эса номаълум.

Фарзанд неъмати, у бўлмаслигининг изтироблари, фарзанд кўриш учун йиллаб шифокорма-шифокор умр ўтказувчлар... Сўнги йилларда мана шундай бефарзанд оилалар учун ЭКУ технологияси, қайсидир манода нажот бўлиб қолди.

ЭКУ бу – экстракорпорал уруғлантириш бўлиб, бепуштлик ташхиси қўйилган ёки анчадан бери фарзандли бўла олмаётган оилалар учун замонавий репродуктив технология саналади. Бунда тухум ҳужайралар ва сперматозоидлар лабораторияда уруғлантирилиб, ҳосил бўлган эмбрионларнинг сифатлиси бачадонга кўчирилади. Ортиб қолганлари эса музлатилади.

Бу ноодатий тиббий жараён осон ҳам, арзон ҳам эмас. Лекин узоқ йил, кўп маблағ ва турли муолажалар орқали кўз тикилган умид саробга айланса-чи? Тошкент бир гуруҳ оилалар билан шу ҳолат кузатилмоқда. Kun.uz'нинг бу галги кўрсатуви шу ҳақда.

“Бор умидимиз мана шу ЭКУ марказидан эди”

Фарзанд кўришни истаб, “Turk-Bukhara ECO марказ”ининг Тошкентдаги филиалига борган 100 дан зиёд аёллар мана шу жараёнлар якунланмаганидан норози, улар Kun.uz'га мурожаат қилди. Таъкидланишича, беморлар ёз ойларида марказда рўйхатдан ўтиб, шартнома қилган. Тиббий хизматлар учун 42,6 млн сўмдан тўлов қилишган.

Сентябр ойида сунъий уруғлантирилган эмбрионлар бачадонларига трансфер қилиниши, ҳомиладор бўлиши керак бўлган.

Клиниканинг фаолияти тўсатдан тўхтатилиши ортидан ишлар охирига етмагани, марказ таъсисчиси эса Туркияга қочиб кетгани айтилмоқда.

16 йилдан бери шу муаммо билан курашиб келяпмиз, ҳамма жойга мурожаат қилганмиз, охирги умидимиз фақат ЭКУ бўлган, охирги умидимизни сўндирмаслик учун шу ЭКУга келганмиз. Лекин шу умидимиз ҳам қолмади. 3 ойдан бери бизни алдаб келишади, “ана бўлади, индинга бўлади” деб. 15 кун “мойка”га ёпилишди, “октябрнинг бошида очилади” дейишди, кейин унда ҳам очилмади, ҳозир борсак клиника ёпиқ. Бизга жавоб берадиган ҳеч ким йўқ, масъулларга мурожаат қиламиз десак, телефони ўчирилган.

Биз билан фақат шифокоримизнинг таржимон қизи алоқада, саволларимизга жавоб бериб турибди. Бўлиши керак бўлган нарсани орқага чўзиб, роса бизни алдашди. Энди бу кимнингдир орасидаги муаммога биз қурбон бўляпмиз. Прокуратурага бордик, ички ишларга мурожаат қилдик, ҳеч қаердан ижобий жавоб йўқ”, – деди мурожаат қилганлардан бири.

Августда операция бўлиб, фолекулани топширганмиз, йиғиб олишган. Энди октябр ойида [эмбрионни] трансфер қилишлари керак эди, улар сентябрь ойида [клиникани] ёпиб кетишган. Мана 2 ой бўляпти, улардан дарак йўқ. 42 млн 600 минг сўм тўлов қилганмиз, ҳозир 52 нафар одамга [эмбрион] трансфер қилиниши керак, бундан ташқари 127 кишининг эмбрионлари музлатилиб, пули тўланган. Бизнинг эмбрионларимиз клиникада турибди, лекин беқаров қолиб кетган. У қандай ҳолатда турибди, буни билмаймиз.

Фарзанд учун мажбур борганмиз-да... Бу аёлларнинг ҳозир оиласи бузиляпти, мисол учун, меники ҳам бузиляпти, менга ҳам шарт қўйилган: “агар фарзандинг бўлса, қоласан, бўлмаса кетасан” деган. Шунинг учун нечта аёлларнинг ҳаёти бузиляпти, аёллар “таёқ еб” кетяпти”,– дейди шахсини очиқлашни истамаган фуқаро.

Июл ойида марказга бориб, сентябрда эмбриони трансфер қилиниши керак бўлган аёллардан бирининг айтишича, айрим оилалар марказга қилинадиган тўловни кредит олиб, уйни сотиб амалга оширишган.

Кимлардир кредит олган, кимлардир қарз олган, фарзанд учун молини, уйини сотиб келганлар ҳам бор. [Ўзимни] хўрлангандек ҳис қиляпман, қандай ҳис қиламан?! Уйим жанжал, тўполон, қизларимизни эри ҳайдаб юборган, кимнингдир қайнонаси ҳайдаб юборган, кимдир “ўзимни ўлдираман” деб айтади, бизга ҳам мундоқ ёрдам берадиган одам бордир. Бегона мамлакатдан келиб, Ўзбекистон аёлларини шундай хўрлашяпти, наҳотки бизни ҳимоя қиладиган одам бўлмаса?

Фарзандсиз аёллар кўйлаксиз, яланғоч одамга ўхшайди, мен буни сизга гап билан тасаввур қилдириб беролмайман. Чунки оила фарзанд билан мустаҳкам бўлади, бор умидимиз мана шу ЭКУ марказидан эди. Кўча-кўйда фарзандлиларни кўрсам, бир чуқурликка тушиб қолганга ўхшайман, сизлар ёрдам бериб, шу ЭКУ маркази очилса ёки пулимизни қайтариб берса, бошқа клиникага ўтказиб берса ҳам майли. Давомини ўша клиникада қилиб, худо хоҳласа фарзандли бўламиз деган умиддамиз”,– дейди яна бир аёл.

Фуқароларнинг айтишича, клиника таъсисчилари асли 3 нафар турк бўлиб, пулнинг ортидан улар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Шу сабаб марказнинг Тошкентдаги филиали раҳбари барча ҳисобларни музлатиб, клиникани ёпган ва Туркияга қочиб кетган.

Раҳбарларга боғланиб бўлмади

Kun.uz клиника нима учун тўсатдан ёпилиб қолгани, эмбрионлар тақдири нима бўлгани ҳамда кўрсатилмаган тиббий хизмат ҳақлари қайтариладими ёки йўқ – шуларни билиш мақсадида марказ раҳбарларига боғланишга уринди.

Хусусан, “Turk-Bukhara ECO марказ” МЧЖ Instagram саҳифасидаги, Статистика агентлигидан олинган маълумотномадаги ҳамда марказнинг учинчи таъсисчи ва раҳбари Дўнмез Ҳасаннинг шахсий рақамига қўнғироқ қилдик.

Сайтдаги ва Дўнмез Ҳасаннинг рақамларига боғланиб бўлмади, маълумотномада келтирилган рақам эгаси эса манзилда адашиб тушганимизни билдирди. Умуман, марказнинг Тошкент ҳамда Бухородаги эгалари билан телефон орқали боғланишнинг имкони бўлмади.

Клиника касодга учраган”

“Turk-Bukhara ECO марказ”нинг Тошкентдаги филиали ходимининг таҳририятга маълум қилишича, ҳозирги кунда нафақат беморларнинг пуллари ва эмбрионлари, балки ходимларнинг маоши ҳам берилмаган.

15 кишининг ойлиги берилмаган, энди бу ўртача 5 млн сўмдан-да. 2 ойлик [маоши берилмаган]. Беморлар эса 40 млн [сўмдан ортиқ] тўлов қилишган. Ходимлар прокуратурага ҳам мурожаат қилди. Клиника раҳбарларига мурожаат қилганимизда бир-бирига ташлашяпти, “у тўласин, бу тўласин” деб. Шу сабаб прокуратурага ёздикки, давлатнинг ўзи ҳал қилсин. Ким еган бўлса, ўшандан тўлаттирсин деб.

3 нафар таъсисчи очган бу клиникани, биттаси кетиб юборгани ҳисобига қолган иккитаси бўйнидан олиб ташлаяпти: "мен емаганман" деб. Емаган бўлолмайди, у ҳиссадор бўлгани учун клиника фойда қилган вақтда у фойдасини олган. Клиника зарарга тушган вақти қочишяпти”, – деди собиқ ходим.

Клиника ҳақиқатан ҳам касодга учрагани ёки йўқлигини билиш учун марказнинг бош ҳисобчиси билан ҳам боғландик, аммо у гапиришни истамади.

Таҳририятга берилган ҳужжатларга кўра, “Turk-Bukhara ECO марказ” МЧЖ таъсисчиларидан бири Дўнмез Ҳасан бошқа бир таъсисчи Мустафа Экинчининг лицензиясиз операциялар олиб боргани, ноқонуний ишлагани юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратурасига ариза юборган.

Шундан келиб чиқилса, ҳиссадорлар ўртасида ҳақиқатан ҳам келишмовчилик юзага келган бўлиши мумкин. Kun.uz марказга оид маълумотлар, унга берилган лицензия ҳақида маълумот олиш учун ССВ ва Тошкент шаҳар прокуратурасига сўров юборди.

Маълумотларга кўра, айни вақт “Turk-Bukhara ECO марказ”нинг пойтахтдаги филиали тўлиқ ёпилган, Бухородаги марказий филиал эса ишлаб турибди. Хўш, бу ўзи қандай амалиёт, у қанчалик кутилган натижани беради, диний хукми қандай? Kun.uz'нинг кейинги кўрсатувида шу ҳақда сўз борада.

Мавзуга оид