Ўзбекистон | 18:27 / 12.11.2024
17008
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мудофаа вазири Москвага борди

12 ноябр куни Баҳодир Қурбонов иштирок этган йиғилишда Россия мудофаа вазири ҳамдўстлик давлатлари ўртасида қўшма ҳарбий тизимларни такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган қарорлар ҳақида маълумот берган. Бир неча кун олдин Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ҳам МДҲ доирасидаги тадбирда қатнашиш учун Москвага борган эди.

12 ноябр куни Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов Москвада МДҲга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгашида иштирок этди.

РИА Новости маълумотига кўра, учрашувда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларус ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари, Озарбойжон армияси Бош штаби бошлиғи ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев қатнашган. Туркманистон, Арманистон ҳамда Молдова эса ҳарбий делегацияларини учрашувга юбормаган.

Йиғилишда Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳарбий ҳамкорлик, II жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига тайёргарлик кўриш ҳамда ғарбнинг ҳаракатлари ҳақида гапирган.

«Ҳарбий соҳадаги ҳамкорликнинг энг муҳим йўналиши минтақавий хавфсизликни таъминлашдир. Йиғилганларга уни қўллаб-қувватлагани ва амалга оширишдаги фаол иштироки учун миннатдорчилик билдираман. Кўп йиллик ҳарбий ҳамкорлик қуролли кучларимизни такомиллаштиришга хизмат қилди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа, алоқа, радиациявий, кимёвий ва биологик вазиятни назорат қилиш ва баҳолаш, «Парол» радар идентификатори ва бошқалар учун ягона ҳарбий тизимлар яратилди. Биз тажрибаларни, жумладан Украинадаги махсус операция давомида орттирилган тажрибамизни алмашамиз.

Коллектив Ғарб ўз гегемон ролини сақлаб қолиш учун минтақавий барқарорликни бузишга ҳаракат қилмоқда. Шу боис, Қозонда ўтган БРИКСнинг кенгайтирилган саммитида можароларни тинч йўл билан ҳал этиш ва адолатли кўп қутбли дунё тартиботини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугун биз бу йилги иш якунларини сарҳисоб қилдик ва 2025 йилга 120 дан ортиқ тадбирларни режалаштирдик. МДҲ доирасида 2030 йилгача бўлган ҳарбий ҳамкорлик концепциясига катта эътибор қаратилди», — дея Андрей Белоусовнинг сўзларини келтирган Россия мудофаа вазирлиги.

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов. Фото: Риа Новости

Белоусовга кўра, йиғилишда давлатлар вакиллари қуйидаги қўшма ҳарбий тизимларни такомиллаштириш бўйича қарорлар қабул қилган:

  • давлат радиолокацион идентификациясининг ягона тизими;
  • ҳарбий мақсадлар учун ягона географик ахборот тизими;
  • МДҲга аъзо давлатларнинг ягона ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими.

7 ноябр куни Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ҳам МДҲ давлатлари хавфсизлик кенгаши котиблари йиғилишида қатнашганди.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши бош котиби Сергей Шойгу раислигида Москвада бўлиб ўтган учрашувда «нацизм мафкураси тикланишига қарши кураш, ахборот ва киберхавфсизлик масалалари, суверенитетни ҳимоя қилиш»га эътибор қаратилган. Шунингдек, Шойгу учрашувда АҚШ томонидан минтақани беқарорлаштиришга уринишлар, Украинадаги уруш мавзуларига тўхталиб ўтган.

Мавзуга оид