Reuters: Украина Россия билан музокараларни бошлашга тайёрланмоқда
Доналд Трамп Оқ уйга қайтиб келар экан, Украина раҳбарияти музокараларда ўзини кучли мавқега қўйиш учун ҳарбий ёрдам ва олдинги сафдаги позицияларга интилмоқда, деб хабар бермоқда Reuters.
Доналд Трампнинг АҚШ президентлиги сайловидаги ғалабаси фонида Украина раҳбарияти Россия билан бўлажак тинчлик музокараларида ўзининг бошланғич позициясини мустаҳкамлаш учун қўшимча қурол-яроғ етказиб бериш ва жанг майдонидаги позицияларини сақлаб қолишга интилмоқда, деб хабар берди Reuters 11 ноябр, душанба куни. Трамп ҳокимиятга келса, Россиянинг Украинага қарши урушини «24 соат ичида» тугатишга ваъда берди.
Келгуси тўрт-беш ой урушда ҳал қилувчи бўлади, деди Reuters агентлигига исмини ошкор қилмаслик шарти билан украиналик юқори мартабали амалдор. «Бу қиш жуда муҳим вақт... Умид қиламанки, уруш ниҳоясига етяпти, энди биз музокараларда ҳар икки томоннинг позициясини аниқлаймиз», — дея суҳбатдошидан иқтибос келтиради агентлик.
Расмийнинг сўзларига кўра, Киев энди Трамп янги маъмуриятининг Украинага нисбатан қандай сиёсат олиб бориш ниятида эканлигини тушуниш учун асосий лавозимларга тайинловларни кутмоқда. Reuters суҳбатдошининг тан олишича, АҚШ янги президенти лавозимга киришганидан кейин Киевга ёрдамни қисқартириши хавфи бор. «Умид қиламанки, Байден маъмурияти ёрдам кўрсатишни тезлаштириш орқали бу хавфдан қочишга ҳаракат қилади», деди у.
WP: Трамп Путин билан Украинадаги урушни муҳокама қилди. Кремл қўнғироқни рад этяпти
Бир кун аввал Американинг The Washington Post (WP) газетаси вазиятдан хабардор суҳбатдошларига таяниб, Доналд Трамп 7 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали норасмий мулоқот қилгани ва қўнғироқ чоғида Россиянинг Украинага қарши уруши мавзусини кўтарганини ёзган эди.
WP манбаларига кўра, америкалик сиёсатчининг ўзи Россия раҳбарига Флоридадаги курортидан қўнғироқ қилган. Суҳбат чоғида Оқ уйнинг собиқ раҳбари «Россия президентига Украинадаги уруш авж олишини давом эттирмасликни маслаҳат берди» ва «унга Вашингтоннинг Европадаги муҳим ҳарбий иштирокини эслатди», деб ишонтирмоқда нашр суҳбатдошлари. Шу билан бирга, Трамп «айрим босиб олинган ҳудудлар» устидан Россия назоратини сақлаб қолиши вариантини қўллаб-қувватлашини «шахсий равишда аниқ айтди» ва бу масалани Путин билан суҳбатда кўтарди, деб ёзади WP.
11 ноябр, душанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Трамп ўртасидаги суҳбат ҳақидаги хабарларни рад этди. «Ҳеч қандай суҳбат бўлмади», деди у журналистларга. «Бу баъзида ҳатто обрўли нашрларда ҳам маълумотлар сифатининг энг ёрқин мисолидир, бу шунчаки ёлғон маълумот», деб таъкидлади Песков.
Трамп Зеленскийга қўнғироқ қилди. Киев президентлар учрашувига тайёргарлик кўрмоқда
Украина президенти Володимир Зеленский АҚШдаги президентлик сайловларидан сўнг Доналд Трамп билан суҳбати ҳақида маълум қилди. У америкалик сиёсатчи билан суҳбатни «ажойиб» деб атади. Axios маълумотларига кўра, ушбу қўнғироқ пайтида Трампни қўллаб-қувватловчи америкалик тадбиркор Илон Маск иштирок этган. Маск Украинага Starlink тизимига киришни таъминлаш орқали уни қўллаб-қувватлашда давом этишига ваъда берди, дея таъкидлади нашр манбалари.
9 ноябр, шанба куни Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Зеленский ва Трамп жамоалари сиёсатчилар учрашувига тайёргарлик кўришларини маълум қилди. Сибига Украина президенти биринчилардан бўлиб АҚШнинг собиқ президентини сайловдаги ғалабаси билан табриклагани, давлатлар раҳбарлари ўртасида бевосита алоқа борлигини таъкидлади.
Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Зеленский ва Трамп ўртасидаги учрашув қачон бўлиши мумкинлигини айтмади, бироқ унинг сўзларига кўра, ҳар икки томоннинг жамоалари тадбирга тайёргарликни бошлашга келишиб олган.
Мавзуга оид
19:27 / 14.11.2024
Ўзбекистондаги меҳмонхонада вафот этган россиялик журналист қонида ис гази излари топилди – ОАВ
17:24 / 14.11.2024
The Times: Киев бир неча ой ичида оддий атом бомбасини яратиши мумкин
16:08 / 14.11.2024
Блинкен: АҚШ Трамп келишидан олдин Украинага ёрдамни кучайтиради
15:42 / 14.11.2024