Ўзбекистон | 16:58 / 16.11.2024
1059
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга оширмоқчи

Қирғизистоннинг "Вечерний Бишкек" ноширлик уйи порталида "Яшил" энергетикани ривожлантириш Ўзбекистон тараққиётининг асосий вазифаларидан биридир" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Фото: Kun.uz

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда 2022 йилда 2030 йилгача "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва "яшил" ўсишни таъминлаш дастури қабул қилинган.

Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга, умумий энергия ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи ва муқобил манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмини камида 40 фоизга ошириш ниятида. Бу мамлакатга нафақат энергия ресурсларини диверсификация қилиш, балки, муҳими, атмосферага зарарли чиқиндиларни 34 миллион тоннага камайтириш имконини беради.

"Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича ноёб салоҳиятга эга. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакатда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электр энергиясига бўлган ҳозирги талабдан 10-12 баробар юқори", – дейилади мақолада.

"Вечерний Бишкек" сўнгги маълумотлар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришганидан далолат беришини таъкидлаган. Таҳлилларга кўра, 2024 йилда қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида 10 фоиздан 18 фоизга ошириш режалаштирилган, деб маълум қилинган.

Айни пайтда бу борадаги ишлар жадаллик билан давом этмоқда. Айни пайтда республикада умумий қуввати 6,3 гигаватт бўлган қуёш, шамол ва гибрид электр станцияларини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик асосидаги 28 лойиҳа бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Улардан умумий қуввати 2,6 гигаватт бўлган 7 та лойиҳа доирасида биринчи қувватлар 2023 йилда ишга туширилган.

"Деярли барча ҳудудларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари қурилмоқда. Хусусан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда умумий қуввати 1,6 гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 183 мегаватт бўлган 6 та йирик ва кичик гидроэлектр станциялари ишга туширилди", – деб ёзилган "Вечерний Бишкек" тарқатган мақолада.

Мавзуга оид