18 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ака-ука Жўраевларнинг қаноатлантирилмаган аппеляция шикояти, навбат электрон шаклга ўтказилган Пискентдаги автополигон, сайланган сенаторлар ва парламентда чиқиш қилган президент — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Нуриддин Исмоилов яна cпикер
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлиси бўлиб ўтди.
Янги чақириқда парламентнинг илк мажлисининг муваққат котибияти, саноқ комиссияси ҳамда овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинди. Сўнгра депутатлар Қонунчилик палатаси биринчи мажлисининг кун тартибини тасдиқладилар.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қуйи палата аъзолари Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзод кўрсатиш учун депутатлар орасидан Сиёсий партиялар вакиллари кенгашини туздилар.
Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан ЎзХДПдан сайланган Нуриддин Исмоиловни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг cпикери этиб сайлади.
Мирзиёев парламентда мухолифатни жонлантиришга чорлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5-чақириқдаги илк ялпи мажлисида чиқиш қилар экан, Парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак, деди. Давлат раҳбари мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кўпайтиришга чақирди.
Бунинг учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилди.
Президент Қонунчилик палатасига Ҳукумат аъзоси ҳисоботини эшитиб, унинг якунларига кўра, ушбу раҳбарни истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ҳуқуқи берилганини эслатди.
Сенаторлар эълон қилинди
Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатини эълон қилди.
Ҳужжатга кўра, ҳудудлардан жами 51 нафар сенатор, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари 3 нафардан сенатор сайлаган. Янгиланган Конституцияга мувофиқ, Сенат аъзолари 65 нафар бўлиши, ҳудудлардан тенг миқдорда — 4 нафардан сайланиши керак. МСК айрим ҳудудларда сенаторлар сони нега камлигига изоҳ бермади.
Марказий сайлов комиссиясининг қайд этишича, Сенат аъзоларининг 56,6 фоизи 60 ёшдан катталарни ташкил этди. Бир нафари — 30 ёш, 41,6 фоизи — 40 ёшдан 60 ёшгача.
Сенаторлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳам бор.
Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлиси 19 ноябр куни чақирилади. Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси 18 ноябр куни бўлиб ўтади.
Пискентдаги навбат электрон шаклга ўтказилди
Ҳаммага кўриниб турган ва танқидларга сабаб бўлаётган бу навбатларни кўздан панадаги божхона омборларига кўчиришга қарор қилинган. Мажбурий тўловларни фақатгина қонунда белгилаш ҳақидаги фармон талаби бажарилмаяпти.
Давлат хизматлари порталида автомобилларнинг мувофиқлигини баҳолашга навбат олиш хизмати пайдо бўлди.
“autodeklarant” каналининг хабар беришича, хизматдан фойдаланиш учун дастлаб singlewindow.uz сайти орқали мувофиқлик сертификати учун ариза юборилган бўлиши керак.
Шундан кейин my.gov.uz сайти ёки мобил иловасида электрон хизмат орқали Пискент автополигонига автотранспорт воситасини олиб бориш санаси ва вақти белгиланади.
“Тайёргарлик кўриб туриш учун лабораторияга белгиланган вақтдан вақтлироқ келиш лозим. Белгиланган вақтга 20 дақиқа қолганида операторга мурожаат қилиб, my.gov.uz тизимидан олинган QR-кодни тақдим этасиз”, дея ёзади “autodeklarant”.
Telegram'даги расмий манбалар, хусусан Адлия вазирлиги, Техрегуляция агентлиги, UzTest, ЯИДХП ва “Давлат хизматлари” каналларида юқоридаги хизмат ишга туширилгани ҳақида хабар берилмади.
Ўзбекистонда импорт қилинган автотранспорт воситаларига мувофиқлик сертификати бериш учун синовлар жорий ноябр ойидан бошлаб божхона ҳудудида эмас, Тошкент вилояти Пискент туманида автополигонда ўтказила бошланди.
Шундан сўнг импорт автомобилларни полигонга олиб келганлар узун навбатларга рўбарў келди, навбат узоқлигидан ҳайдовчилар шу ерда тунаб қолишига ҳам тўғри келмоқда.
Жўраевлар иши: суд қарори ўзгаришсиз қолди
Апелляция суди ака-ука Жўраевларнинг шикоятини қаноатлантирмади: биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирди.
Аввалроқ Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди ҳал қилув қарори билан хонанда Ботир Қодиров марҳум хонанда Шерали Жўраевнинг ўғли деб тан олинганди.
Тошкент шаҳар суди матбуот котибининг тасдиқлашича, апелляция суди ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, ака-ука Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевларнинг шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Аввалроқ хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев эса Kun.uz’га берган интервюсида суднинг ҳал қилув қароридан норози эканини билдириб, далил ва исботлар етарли бўлмай туриб хулосага келингани учун суд қарори устидан апелляция шикояти киритилишини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
19:45 / 15.11.2024
15 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
21:12 / 14.11.2024
14 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
20:58 / 13.11.2024
13 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:01 / 12.11.2024