Ўзбекистон | 14:51 / 15.09.2016
217476
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги қонун кучга кирди

Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди. Ушбу қонун лойиҳаси 12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 24 август куни Сенат томонидан маъқулланган эди. Қонун ҳақидаги ҳужжат 15 сентябрь куни «Народное слово» ва «Халқ сўзи» газеталарида чоп этилди ва шу кундан бошлаб кучга кирди.

Бу Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон республикаси президенти в.б. сифатида имзолаган биринчи қонун ҳужжати бўлди.

Ёшларга оид Давлат сиёсати тушунчаси ёшларни ҳар томонлама мукаммал этиб вояга етказишда ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва қонуний чора-тадбирлар тизимини назарда тутади.
 
Қонунда ёш фуқаролар тушунчасига изоҳ берилган. Унга кўра, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган, хусусан, ёш оила, ёш мутахассис ва ёш тадбиркор айнан ёшлар қаторига кириши қайд этилган.
 
Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принципи очиқлик ва шаффофлик, ёшларга оид давлат сиёсатида ёшлар иштирокини таъминлаш, ёшлар ғояларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳисобланади.

Қонунда ёшлар ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда иқтидорли ва истеъдодли ёшларни, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш масалалари белгилаб қўйилган.
 
Қонун 4та боб, 33 моддадан иборат.

Қонунда  ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
 
- Ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
- Ёшларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш;
- Ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий, жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш;
- Ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш;
- Ёшларни ишга жойлаштириш ва  уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш ;
- Ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга этиб тарбиялаш;
- Ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш;
- Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш;
- Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлаштириш;
- Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш;
-  Ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ёшлар спортини оммавий ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
- Ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш;
- Ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқариш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан  ҳамкорликни ривожлантириш.
 
Шунингдек, ҳужжатда ёшларни ва ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида ёшлар ижтимоий хизмати ташкил этилиши назарда тутилган. 

Мавзуга оид