Ўзбекистон | 08:11 / 08.02.2017
46154
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.  

Президентнинг таъкидлашича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаяпти. Буни аҳолидан Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар тасдиқлаб турибди. 

Бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолияти ҳамон қониқарсиз аҳволда қолмоқда. Шифохоналар ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, жумладан, ижтимоий дорихоналар ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. 

Тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича сезиларли ишлар кўзга ташланмаяпти. Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантириш ишларига етарлича эътибор берилмаяпти. 

Тиббий хизмат инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир. Тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши, соҳадаги ўзгаришларни одамлар сезиши керак. Бунинг учун шифокорларнинг маданиятини, маънавиятини, масъулиятини ошириш, ишга ва беморларга муносабатини ўзгартириш зарур, деди давлатимиз раҳбари. 

Мавзуга оид