Ўзбекистон | 10:32 / 11.05.2017
32106
8 дақиқада ўқилади

Мантиқли прагматизм: Ўзбекистон Президенти Хитойга ташриф буюрмоқда

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни 3 кунлик давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасига боради. Давлат раҳбари, шунингдек, 14-15 май кунлари бўлиб ўтадиган олий даражадаги "Бир қутб бир йўл" форумида иштирок этади. 

Шу муносабат билан экспертларга мурожаат қилган РИА Новости агентлигига кўра, ўзбек етакчисининг Хитойдаги музокараларини икки мамлакатнинг инвестиция ва транспорт салоҳиятидан тўла фойдаланиш истаги билан баҳолаш мумкин. Ташриф Тошкентнинг Пекин билан ўзаро фойдали муносабатлар даражасини сақлаб қолишни кўзлайди. 

Мирзиёев 11-13 май кунлари амалга оширадиган давлат ташрифи чоғида ХХР раиси Си Жингпин, Давлат кенгаши раҳбари Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси Раиси Чжан Децзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашувларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилади. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар. Мирзиёев ташриф дастуридан Хитойнинг етакчи компания ва фирмалари вакиллари билан учрашуви режалаштирилган бўлиб, унда Ўзбекистонда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда ўзаро фойдали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилади.

Олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши, Ўзбекистон – Хитой ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда. 

Давлат раҳбари матбуот котиби Асад Хўжаевнинг журналистларга маълум қилишича, ташриф чоғида умумий қиймати 20 млрд долларлик 100га яқин шартномалар имзоланади. 

Ҳужжатлардан ҳаракатларга

Айтиш жоизки, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Ўзбек томони маълумотларига кўра, 2016 йили ўзаро товар айирбошлаш миқдори 4,25 миллиард долларни ташкил этган. Шу жумладан, Ўзбекистон экспорти 2 миллиард долларни, импорт ҳажми 2,25 миллиард доллардан иборат бўлган. Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган Хитой сармоясининг умумий ҳажми 8 млрд долларга етган. Бу республикага киритилган хорижий инвестицияларнинг энг йиригидир. Ўзбекистонда 651та Хитой корхоналари фаолият юритмоқда, уларнинг 90таси тўлиқ Хитой сармояси асосида ташкил этилган, Хитойнинг 75та компанияси ўз ваколатхоналарига эга. 

Фото:  Getty Images

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил августида Пекинга амалга оширган ташрифи чоғида томонлар 2014-2018 йилларга мўлжалланган стратегик муносабатларни ривожлантириш дастурини имзолашган эди. Ўшанда, келишувлар ҳажми 6 млрд долларни ташкил этганди. 2016 йил июнида Ислом Каримов ва ХХР раиси Си Жингпин Тошкентдаги учрашувида икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик бўйича қўшма баёнотни имзолашди. Республиканинг янги раҳбари Мирзиёев илк бора республика етакчиси учун узоқ муддат ҳисобланувчи 5 кун мобайнида Хитойда бўлади. У имзоланган ҳужжатларни амалий натижалар билан тўлдиришни режалаштирмоқда. 

Central Asia Investments Group инвестиция компанияси таҳлилчиси Илхат Тушевнинг сўзларига кўра, Мирзиёевнинг Хитойдаги музокараларини икки томоннинг сармоявий ҳамда транспорт салоҳиятини тўла ишга солиш истаги сифатида баҳолаш мумкин. 

Фото: Lotte Chemical

"Хитой, ҳозирча, асосан, нефтгаз соҳаси ҳамда Ўзбекистоннинг транспорт инфратузилмаларидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Шу билан ўз маҳсулотлари ва хизматларини Марказий Осиё мамлакатлари орқали Форс кўрфазига етказиш учун транспорт "йўлаги" очмоқда", — деган РИА Новости эксперти. Тушевнинг фикрича, Ўзбекистон томонининг хом ашё етказиб бериши (табиий газ, пахта, уран), ўз навбатида, ўзаро товар айирбошлашнинг асосий қисми бўлиб қолмоқда ва яқин истиқболда бу вазият ўзгармаслиги мумкин.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев икки мамлакат чегараларида янги логистика марказлари очилиши имкониятларини  қайд этмоқда. "Ички темир йўллар тармоғинии тез суръатларда ривожлантириш билан бизда Хитой темир йўлларига уланиш имконияти пайдо бўлди. Томонлар икки мамлакат чегаралари яқинида, ҳозирча, автомобил келгусида эса темир йўл логистика марказларини ташкил этишни муҳокама қилмоқда", — деган сенатор.

Умумий йўналишда

Москвадаги Карнеги марказининг "Россия Осиё-Тинч океани минтақасида" дастури раҳбари Александр Гарбузовнинг фикрича, Ўзбекистон ва ХХР ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши Россия манфаатларига зид келмайди. 

"Ўзбек-хитой алоқаларининг кучайиши Россия манфаатларига қандайдир даражада зид келади деб ўйламайман. Аксинча, бу мамлакатларнинг иқтисодиёти қанчалик кучли бўлса, аҳолининг радикаллашуви учун сабаблар йўқола боради ҳамда бу минтақа хавфсизлик нуқтаиназаридан анча тинчроқ бўлади", — деган Гарбузов РИА Новостига тақдим этган изоҳида. 

МДҲ институтининг Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими раҳбари Андрей Грозин ҳам Ўзбекистонда ижтимоий норозиликларнинг олдини олиш усулларидан бири сифатида иқтисодиётни янада ривожлантиришни қайд этган. 

"Бу янги иш ўринлари яратиш, бу аҳолининг ишлаб чиқариш жараёнига жалб этилишини кенгайтиришдир. Бу ерда Пекин ва Москва рақобатчилар эмас, аксинча, биз бир йўналишда, аниқроғи, Ўзбекистондаги нормал вазиятни сақлаб қолиш мақсадида ҳаракатланмоқдамиз", — деб қўшимча қилган эксперт.

Янги захиралар томон

Мирзиёевнинг давлат ташрифи 14-15 май кунлари Пекинда бўлиб ўтадиган "Бир қутб бир йўл" форуми арафасида бўлиб ўтади. Ўзбекистон Хитой ташаббуси доирасида ташкил этилган инвестиция имкониятларидан фойдаланишни режалаштирмоқда. 

"Мазкур форумда иштирок этишдан кўзлаган мақсадимиз нима? Бизнинг асосий мақсадимиз — ХХРнинг салоҳияти ва захиралари, имкониятларидан савдони ривожлантиришда фойдаланиш, Ўзбекистоннинг қўшимча қийматли маҳсулотларини ХХР ва "Бир қутб бир йўл" йўналишида жойлашган барча давлатларга етказиб беришни кенгайтиришдир", — деган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов. 

Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати Осиё инфратузилмалар инвестиция банки ва Ипак йўли фонди каби инвестиция имкониятларида фойдаланмоқчи. "Тошкент бу ерда имтиёзли кредитларни жалб этиш, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий соҳаларини молиялашни ривожлантириш учун янги кредит линияларини очиш ҳамда Ўзбекистонни минтақада амалга оширилаётган транспорт-коммуникация лойиҳаларига фаол жалб этиш истагида", — деб ҳисоблайди Тушев.

Грозиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Ипак йўли Иқтисодий камари доирасида минтақанинг логистика ва транспорт соҳасидаги муҳим мамлакати сифатида, шубҳасиз, етакчи ўринлардан бирини эгаллаши керак. 

"Ҳозирча, фоиз нисбатида таққослаганда, Ўзбекистон Қозоғистоннинг бу борадаги салоҳиятидан сезиларли ортда қолмоқда. Мен Хитой сармояларининг миллий иқтисодиётларга жалб этилиши салоҳиятини назарда тутаяпман. Қўшма корхоналар етарли эмас, йирик қўшма лойиҳалар жуда кам. Авваллари Тошкент сиёсий нуқтаиназардан ёндашиб, Пекин билан ҳамкорлигини имкон қадар тор доирада ушлаб туришга ҳаракат қилган. Эндиликда, янги раҳбар бу нарсаларга анча прагматик кўз билан қарамоқда", — дея ишонч билдирмоқда Грозин.

Мавзуга оид