Спорт | 19:14 / 22.08.2017
20908
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонга қарши ўйинга мухлислар киритилмаслигига расман изоҳ берилди

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг қарорига кўра, 25 август кунига белгиланган Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув ёпиқ тарзда ўтказилади. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар тарқатди.

Ушбу ўйинни ташкил этиш бўйича ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўйинчини алмаштириш имкониятидан чекланмаган миқдорда фойдаланишга ўзаро келишиб олганлиги муносабати билан ўйин халқаро ўртоқлик учрашуви мақомига эга бўлмайди.

«Футбол қоидалари»нинг майдондаги ўйинчиларнинг сони ҳақидаги 3-бандига кўра, миллий терма жамоаларнинг халқаро ўйинларида кўпи билан бир жамоадан 6 футболчининг алмаштирилишига рухсат берилади. 6 футболчидан кўп ўйинчи алмаштирилган ўйинга «назорат учрашуви» мақоми берилади ва у ФИФАнинг халқаро тақвимида рўйхатга қўйилмайди. Шу сабабли, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўйин назорат ўйини сифатида даражаланади ва ФИФА рейтингини ҳисоблашда инобатга олинмайди.

ФИФАнинг 2017 йил 26 июлида ташкилотга аъзо федерацияларга юборган 1593-рақамли циркулярга кўра, бундай назорат учрашувиларининг тарғиботи, ўйинга чипта сотиш, ўйинни трансляция қилишга рухсат берилмаслиги муносабати билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги назорат ўйини трансляция қилинмайди.

Ўзбекистон — Қирғизистон учрашуви «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

Бундан аввалроқ Қирғизистонга қарши ўйинга мухлислар киритилмаслиги, шунингдек, телевидениеда олиб берилмаслиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид