Трамп ва Эрдўған мулоқот ўтказди. Трамп ташвишда эканини айтди, Эрдўған унга чақириқ билан чиқди
АҚШ ва Туркия президенти Дональд Трамп ҳамда Тоййиб Эрдўған телефон мулоқоти давомида ИШИД, “Ал-Қоида”, “Курдистон ишчи партияси” ва “Эрон томонидан молиялаштирилаётган терроризм” билан кураш ҳақида келишиб олдилар. Бу ҳақда Оқ уй баёнотида айтилади.
"Президент Дональд Трамп бугун Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан мулоқот қилди. У ҳар икки давлат бор эътиборни умумий мақсад – ИШИД устидан тўла ғалабага қаратиши кераклигини таъкидлади. Ҳар икки президент ИШИДга қарши давом этаётган ғалабалар туфайли 100 мингдан ортиқ суриялик қочқин мамлакатга қайтганини маъқуллади, одамларга уйга қайтиш учун ёрдам бериш мақсадида ҳамкорликни давом эттиришга ваъда беришди", - дея таъкидланади баёнотда.
"Ҳар икки етакчи Қўшма Штатлар ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни яхшилаш бўйича мажбурият олди, хусусан, бу минтақавий барқарорликка кўмак кўрсатиш ва терроризмнинг барча шакллари, жумладан, ИШИД, Курдистон ишчи партияси, Ал-Қоида ҳамда Эрон томонидан молиялаштирилаётган терроризм билан курашга тегишли", - дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Дональд Трамп телефон мулоқоти давомида Суриянинг Афринида зўравонлик ортиб бораётганидан ташвишда эканини билдирди.
"Президент Дональд Трамп Суриянинг Афринида зўравонлик ҳолатлари ўсаётгани туфайли ташвишда эканини билдирди", - дейилади Оқ уй хабарида.
Туркия етакчиси маъмуриятидаги манбанинг журналистларга хабар беришича эса, Тоййиб Эрдўған Трамп билан турк қуролли кучларининг Африндаги амалиётини муҳокама қилган.
"Туркия ва АҚШ президенти телефон орқали мулоқотда Суриянинг Афринидаги амалиётни муҳокама қилди. Бизнинг президент Трампга амалиётнинг мақсади Туркия миллий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Афринни террорчилардан тозалаш эканини билдирди. У АҚШни Курдистон ишчи партияси, Суриядаги курдларнинг “Демократик иттифоқ” партияси, курдларнинг ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари каби террорчилик ташкилотларини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди", - дея хабар берган манба.
Мавзуга оид
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
18:53 / 05.11.2024
АҚШ янги президентни сайламоқда: икки номзод ҳам ўз ғалабасига шубҳа қилмаяпти
18:48 / 05.11.2024
Green Card учун онлайн рўйхатдан ўтиш 2 кунга узайтирилди
15:01 / 05.11.2024