Ўзбекистон Қаҳрамони Мавлуда Исматова вафот этди
Таниқли педагог, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Мавлуда Исматова 2018 йил 11 май куни 75 ёшида вафот этди. Президент ва ҳукумат аъзоларининг таъзияси матни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида эълон қилинган.
М.Исматова 1943 йил 7 майда Тошкент шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)нинг тарих-филология факультетида таҳсил олди.
Ўз меҳнат фаолиятини 1968 йилда Тошкент туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлади. 1975-1979 йилларда ушбу таълим масканида она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимларида меҳнат қилди. 1983 йилда у Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 273-умумий ўрта таълим мактабига директор этиб тайинланди ва умрининг охирига қадар шу даргоҳда самарали иш олиб борди.
М.Исматова 50 йилдан зиёд педагоглик фаолияти давомида ўзини моҳир ўқитувчи, ёшларнинг севимли устози, ўқув-тарбия жараёнларини илмий асосда ташкил этиш, таълимни ҳаёт ва амалиёт билан уйғунлаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш борасида катта салоҳиятга эга бўлган билимдон мутахассис сифатида намоён этди. Ана шундай эзгу фазилатлари билан мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди.
Фидойи педагог раҳбарлик қилган мактаб бир неча бор “Йилнинг энг яхши мактаби” сифатида эътироф этилган бўлиб, унинг педагогик тажрибаси мамлакатимиз миқёсида кенг ўрганилиб, оммалаштирилган.
Бой билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган М.Исматова жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, эл-юрт ўртасида катта обрў-эътибор қозонган эди.
М.Исматованинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 1995 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони, 1999 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони билан мукофотланган эди.
Моҳир педагог, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Мавлуда Исматованинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, У.Иноятов, Т.Азларов
Мавзуга оид
21:16 / 24.08.2021
Тўрт кишига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди
08:35 / 02.06.2020
«Мустақил Ўзбекистон Қаҳрамонлари» номли китоб-альбом тайёрланади
20:00 / 28.08.2019
Президент фармони билан уч нафар фуқарога «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилди
14:58 / 01.09.2018