Ўзбекистон | 14:47 / 16.11.2018
97550
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон БМТнинг Қрим бўйича резолюциясига қарши овоз берди

Ўзбекистон ва яна 25 мамлакат БМТ Бош ассамблеясининг учинчи қўмитаси йиғилишида қабул қилинган «Қрим мухтор республикаси ва Севастополь шаҳрида (Украина) инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият» янгиланган резолюция лойиҳасига қарши овоз берди. Бу ҳақда Украинанинг БМТ ҳузуридаги миссияси Twitter’даги саҳифасида хабар қилган.

Жами 67 мамлакат резолюция лойиҳасини маъқуллади, 82таси бетараф қолди ва 26таси қарши овоз берди.

Хусусан, Арманистон, Беларусь, Боливия, Бурунди, Камбожа, Хитой, Куба, КХДР, Эритрея, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мьянма, Никарагуа, Россия, Сербия, ЖАР, Жанубий Судан, Судан, Сурия, Тожикистон, Уганда, Ўзбекистон, Венесуэла, Зимбабве қарши овоз берди.

БМТ Қримда инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича резолюцияни қабул қилди

Қўмитада овоз берилганидан сўнг, лойиҳа БМТ Бош ассамблеяси томонидан кўриб чиқилади. Овоз бериш жорий йилнинг декабрь ойида кутилмоқда.

Куни кеча маъқулланган резолюция лойиҳасида, хусусан, Кремлнинг украиналик сиёсий асирлари номи кўрсатилган.

Украина томони ишлаб чиққан резолюция матнида айтилишича, Қримда диний озчиликларга нисбатан «босим кучайиб бораётгани» кузатилмоқда. Унинг муаллифлари фикрича, озчиликларга «полиция рейдлари», шунингдек, «таҳдидлар ва таъқиблар» орқали босим ўтказилмоқда.

Мавзуга оид