Ўзбекистон | 12:37 / 17.12.2018
64735
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари президентнинг бензин нархи пасайиши ҳақидаги сўзларини тушунтирди

Фото: Sputnik

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Баҳром Ашрафхонов президент Шавкат Мирзиёевнинг Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғиси ишлаб чиқарадиган завод ишга туширилгандан кейин бензин нархи пасайиши ҳақидаги сўзларига изоҳ берди.

«GTL заводи ишга туширилиши муносабати билан авиакеросин ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилади. Бу шуни англатадики, бундай товарларни ишлаб чиқариш учун хомашёни импорт қилмаймиз. Импорт қилинадиган нефть қисми бензин ишлаб чиқариш учун ишлатилади, бу бензин таннархининг пасайишига олиб келади», - деди у журналистларга.

Ўтган ҳафтада завод қурилиш майдончасига ташриф буюрган Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, унинг маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қилинаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть сотиб олишга кетадиган 1 миллиард доллардан ортиқ валюта маблағлари иқтисод қилинади.  

Йилига ҳисоблаганда, табиий газдан кўра тайёр GTL маҳсулотларидан кўриладиган қўшимча даромад 576 миллион доллардан ошади.
 
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларига тенг. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Булар 311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизел ёнилғиси, 431 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газдир.

Мавзуга оид