Спорт | 13:41 / 29.12.2018
12484
2 дақиқада ўқилади

Эмери: «ПСЖ»да Салоҳнинг салоҳиятига шубҳа билан қараган эдик»

Фото: Getty Images

«Арсенал» бош мураббийи Унаи Эмери «Ливерпуль»га қарши бугун бўлиб ўтадиган ўйин олдидан рақиб ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ борасида бир фактни айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, 2016-2018 йилларда «ПСЖ»ни бошқарган даврида мисрлик ҳужумчи трансфери масаласи кун тартибида бўлган.

«Биз Салоҳни «ПСЖ»га олиб келиш масаласини муҳокама қилгандик. Ўша пайтда у «Рома» ўйинчиси эди.

Бизда унга нисбатан бироз ишончсизлик бор эди. Кейин у «Ливерпуль» билан шартнома тузди ва шу жамоада барча шубҳа-гумонларга барҳам берди. Ҳозир жаҳоннинг энг яхши беш футболчисини санасак, Салоҳ – улардан бири.

Фото: Getty Images

Салоҳга нега ишончсизлик билан қараган эдик? Чунки у «ПСЖ»дек катта клубда ўйнаб кета олармикан, деб ўйлаганмиз» – дея айтиб ўтган Эмерининг сўзларини келтирди Sky Sports.

Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли Муҳаммад Салоҳ 2017 йилнинг ёзида «қизиллар» сафига ўтган, унинг римликлардан трансфери қиймати 42-50 млн евро атрофида бўлганди.

«Ливерпуль»–«Арсенал» учрашуви бугун Тошкент вақти билан соат 22:30да бошланади.

Мавзуга оид