Ўзбекистон | 09:40 / 23.03.2019
24917
2 дақиқада ўқилади

АҚШ компанияси Ўзбекистонда металлургия заводи қурмоқчи

АҚШдаги Epsilon Development Company Австриянинг Oberhofer Projektmanagement GmbH компанияси билан шерикликда «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида металлни оцинковка қилиш ва турли металл конструкциялар ишлаб чиқариш шуғулланувчи янги завод қурмоқчи. Америка компанияси матбуот хизмати хабарига кўра, янги завод қуришга 100 миллион евро миқдорида инвестиция киритилади. 

Ҳамкор компаниялар мазкур лойиҳани амалга ошириш учун «Пўлат инновацион тизимлар» хорижий корхонасини тузишган. Айни вақтда ахборот тўплаш ва техник шартларни келишиш жараёни кетмоқда.

Маълум бўлишича, заводнинг лойиҳа қуввати йилига 50 минг тонна пўлатни ташкил этади. Режага кўра, маҳсулотлар нафақат ички бозор учун, балки экспорт учун ҳам йўналтирилади.

 Корхонада 200—250та янги иш ўрни яратилади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда қурилиш ишлари авж олиши баробарида қурилиш материалларига эҳтиёж кескин даражада ўсди ва айни вақтда кўплаб маҳсулотлар четдан импорт қилинмоқда.

Маълумот учун, Epsilon Development Company америкаликларнинг шу номдаги компанияси таркибида бўлиб, асосий компания айни вақтда Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш билан шуғулланмоқда. Март ойи бошида ушбу компания республикадаги 5та газ конида иш олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритганди. Америкаликлар Қашқадарё вилояти ҳудудидаги «Толимаржон» ҳавзасида газ қазиб олишни бошлайди. 2019 йилдан 2024 йилгача Epsilon Development ва Epsilon Asia Limited (Ҳонгконг) Ўзбекистонда нефть ва газ қазиб олиш соҳасига 5,2 млрд доллар миқдорида инвестиция киритиши кутилмоқда.

Мавзуга оид