Жамият | 15:28 / 02.04.2019
66657
11 дақиқада ўқилади

Кечликка моғорлаган нон. «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» ишчилари оғир шароитларда ишлаб, ойлик олишмаяпти

Kun.uz таҳририятига «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкасида ишловчи бир гуруҳ ишчиларидан мурожаат келиб тушди.

«Биз изғиринли совуқ кунларда ҳам, жазирама иссиқда ҳам берилган вазифаларни бажариш учун астойдил ҳаракат қилмоқдамиз. Аммо меҳнатимиз раҳбарият томонидан етарлича қадрланмаяпти. Уч-тўрт ойдан буён ойлик маошларимиз берилмаяпти. Овқат пули энг кам иш ҳақининг бир баравари этиб белгиланган, аммо етмайди. Уни ҳам вақтида ололмаймиз. Оғир шароитда яшаб, ишламоқдамиз. Бир ой давомида уйга бормасдан, ётиб ишлаймиз. Ўн беш кунлик режимга ўтказишини сўраб, қилган мурожаатларимиз ҳам эътиборсиз қолдирилмоқда. Махсус кийимларни бир неча йиллардан буён олмай келяпмиз. Моддий аҳволимиз жуда оғир. Оиламиз ҳам бундан азият чекмоқда. Шу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида корхонанинг Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида жойлашган бир нечта объектларида бўлиб, ишчиларнинг яшаш ва иш шароитлари билан танишдик. Ишчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

Дастлаб, «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси, «Қоратепа 20-қудуқ» объектида ишлаётган ишчилар билан учрашдик.

«Ишчиларнинг яшаш шароитини кўриб турибсиз. Шароит оғир. Ойликлар ўз вақтида берилмайди. Анчадан буён ойлик олмадик. Охирги марта декабрь ойи учун маошнинг бир қисми берилган, тўлиқ эмас. Январь, февраль, март ойлари маошларини қачон олишимиз аниқмас. Бир йилдан буён шу аҳвол. Ишчиларга махсус кийим берилиши керак, аммо бир неча йиллардан буён берилгани йўқ. Кунига 12 соатдан ҳам ишлашади, ишчилар етишмайди. Аммо табель 8 соатдан тўлдирилиб, маош ёзилади. Овқат пули кам, ишчилар ўз ҳисобидан овқатланишга мажбур. Ўзингиз уларнинг яшаш ва иш шароити билан танишсангиз, бунга   гувоҳ бўласиз», – дейди бизга ҳамроҳлик қилган «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси катта устаси Гулмурод Донаев.

Ишчилар вагонларда яшашар экан. Уларнинг яшаш шароити билан танишар эканмиз, аҳвол ҳақиқатан ҳам ачинарли эканлигига гувоҳ бўлдик. Ётоқхона ва ошхона антисанитар ҳолатда. Ёнғин хавфсизлиги меъёрларига амал қилинмаган.

Айниқса, ётоқхонадаги кўрпа-тўшак (агар шундай деб атаб бўлса) абгор ҳолатда, титилиб, йиртилиб кетган. Бир ой давомида уйга бормасдан ишлашар экан.

Ичимлик суви ичи занглаб кетган катта идишда сақланади. Санитария меъёрларига умуман тўғри келмайди. Аммо ишчилар шу сувни ичишга мажбур.

Ишчиларнинг кийимларини айтмаса ҳам бўлади. Жуда ҳам абгор ҳолатда. Махсус кийимлар бир неча йиллардан буён берилмайди.

Ажабланарлиси, ойлик маошлари вақтида берилмаслигидан нолиган ишчилар ойлик маошлари оз-оздан қисмларга бўлиб берилгани туфайли яхлит қанчалигини ҳам билишмас экан. Бу ҳақидаги саволимизга бирорта ишчи аниқ жавоб бера олмади.

Шундан кейин «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси, «Қоратепа 12-қудуқ» объектида ишлаётган ишчиларнинг яшаш шароитлари билан танишиб, улар билан суҳбатлашдик.

Ушбу объектдаги ишчиларнинг ҳам яшаш ва иш шароити юқоридаги объектдагидан фарқ қилмайди. Ишчиларнинг эътирозлари асосан ойлик маошларини ололмаётганлиги, раҳбарият уларга етарлича шароит қилиб бермаганлигидан.

Уларнинг ҳам ётоқхонаси ва ошхонаси антисанитар ҳолатда. Бу ерда ҳам кўрпа-тўшаклар ачинарли аҳволда. Овқатланиш масаласида жуда ҳам қийналишар экан. Овқат пули кам ва вақтида берилмайди.

Шундан кейин Ғузор туманининг олис қишлоғида жойлашган «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси, «Тандирча 45-қудуқ» объектига йўл олдик. Қир ва адир оралаб узоқ йўл босдик. Йўл-йўлакай бирорта қишлоқ кўринмайди. Ниҳоят, «Тахтам» қишлоғи кўзга ташланди. Қишлоқдан ўтиб, яна бир оз йўл юрдик.

Атрофга тун қора пардасини тортаётган вақтда ушбу объектга етиб бордик. Ишчилар кечки овқат учун эндигина йиғилишган экан. Не кўз билан кўрайликки, ишчилар моғорлаган бўлка нон еб ўтиришарди. Овқатини-ку, айтмаса ҳам бўлади.

«Узоқ йўл. 100 километр наридан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келишимиз керак. Ҳар уч-тўрт кунда бориб келишнинг иложи йўқ. Ойлик маошни вақтида ололмасак, овқат пули кам бўлса, йўлга пулни қаердан оламиз? Шундай шароитда бир ой яшаймиз. Кўриб турганингиз буханка нон 11 март куни олиб келинган. Тез эскиради ва моғорлайди. Иложимиз қанча, шу билан кифояланишга мажбурмиз. Нонсиз қолиб кетган кунларимиз ҳам бўлади. Корхона раҳбари яқинда келганди. Шароитни яхшилаш ва ойликни сўраганимизда, «Ишласанг шу, бўлмаса аризангни ёзиб кетавер», деган жавобни эшитдик. Яшаш шароитимиз ҳақиқатан оғир. Ювиниш хонамизда ҳатто лампочка йўқ. Ёмғир кунлари ҳам ишладик. Кийимларни қуритишга жой йўқ. Эртасига яна ҳўл кийимларни кийиб ишлашга мажбурмиз. Махсус кийим берилиши керак, аммо бир неча йиллардан буён олганимиз йўқ. Топганимизни кийиб ишлаяпмиз», – дейди ишчилар.

Бу объектдаги ишчиларнинг ҳам яшаш шароитлари билан танишдик. Юқоридаги объектларда кўрганларимиз ҳали ҳолва экан, бу ердаги аҳволга ҳатто маймунлар йиғлайди.

Суратларда Россиянинг узоқ ўрмонларида ёлланиб ишлаётган муҳожирлар аҳволи эмас. Ўзимизнинг юртимизда ойлигини ололмай, ундан-да баттар шароитда ишлаётган ишчилар ҳам йўқ эмас.

Эртасига ишчиларнинг муаммолари, эътирозлари ва оғир шароитда ишлаётгани ҳолатлари юзасидан изоҳ сўраш учун «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти маъмурияти жойлашган Бухоро вилояти, Қоровулбозор туманига йўл олдик.

«Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти идорасига кириб борганимизда жамият директори Имом Магамедов иш жойида бўлса-да, у билан кўришишнинг имконини тополмадик.

«Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти директорининг умумий масалалар бўйича ўринбосари Валерий Назарян ва бошқа мутасаддилар билан ушбу ҳолатлар юзасидан суҳбатлашдик.

«Ҳақиқатан бу борада бизда бир қатор муаммолар бор, хусусан, ойлик маошлар борасида ҳам. Аммо бу бизга боғлиқ бўлмаган ҳолатда юзага келди. Хабарингиз бор, Президентнинг 2017 йил 27 июлдаги қарори билан Президент ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолияти ташкил этилди. Биз буюртма асосида ишлаймиз. Буюртмачиларимиз лойиҳалари 5-6 ойлаб ушбу агентлик томонидан ўрганилди. Бу орада биз улар билан шартнома қилолмадик. Корхонамиз деярли банкрот ёқасига келиб қолди. Фақат биргина чет эл компанияси билан ишлаб турдик. Иқтисодий аҳволимиз жуда оғир аҳволга келиб қолди. Шунинг учун ишчиларнинг ойлик маошларини беришда муаммолар юзага келди. Фақатгина жорий йил март ойидан бошлаб биз буюртмачиларимиз билан шартнома имзолай бошладик. Буюртмаларни бажаришни бошладик. Аста-секин иқтисодий аҳволимиз ўнгланмоқда. Маблағ бўлса, барча муаммоларни босқичма-босқич ҳал этамиз.

Ишчиларнинг яшаш шароити оғирлигига келсак, бу ҳам иқтисодий ҳолат билан боғлиқ. Овқат пулини ҳам шу туфайли энг кам иш ҳақининг икки бараваридан бир бараварига туширишга мажбур бўлганмиз. Молиявий аҳволимиз ўнгланса, яна оширамиз. Аввал бир ташкилот билан ишчиларга овқат тайёрлаб, тарқатиш учун шартнома тузган эдик. Овқат сифати ва нархи бизни қониқтирмагани учун улар билан ҳамкорликни тўхтатганмиз. Овқат пули ишчиларнинг ўзларига бериляпти. Албатта, кам, аммо айтганимдек, молиявий ҳолатимизга қараб келгусида оширамиз.

Ишчилар бир ой давомида объектнинг ўзида яшаб, ишлашади. Биласизми, бизда асосий муаммо ёқилғидир. Уларни ҳар ўн беш кунда алмаштиролмаймиз. Қолаверса, узоқ ҳудудларимизга икки кунлик йўл. Мисол учун, Қорақалпоғистондаги ҳудудлар. Икки кун бориш, икки кун келиш, вақт йўқотилади. Шунинг учун бир ойлик қилиб белгилаганмиз. Бир ой ишлайди, бир ой дам олади.

Ишчиларга янги кўрпа-тўшак сотиб олиш арафасидамиз. Махсус кийимларга келсак, ўтган йили узоқ жойлардаги объектлар ишчиларига берганмиз. Аммо ҳақиқатан ҳам кийим билан тўлиқ таъминлай олмаганмиз. Барча объектларда ҳам кийимларни қуритишга шароит йўқлигини тан оламиз. Ичимлик сувини сақлашга санитария талабларига жавоб берадиган махсус идишлар етарли эмаслиги ҳам бор гап. Шу боис, сувни металл идишларда сақлашга мажбурмиз. Ҳақиқатан ҳам вагонларда сиз айтган ҳолат. Ҳаммаси иқтисодий ҳолатимизга боғлиқ. Аста-секин яхшиланяпти, демак, барча муаммоларни ҳал этамиз. Икки-уч ойдан кейин келинг ишонмасангиз, кўрасиз, камчиликларни бартараф этамиз», – дейди «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти директорининг умумий масалалар бўйича ўринбосари Валерий Назарян.

«Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти бош ҳисобчиси ёрдамчиси Ғайрат Ҳамроевнинг таъкидлашича, айни вақтда ишчиларга декабрь ойи учун қарзлар тўланган. Қолган ойлар учун ойлик маошларнинг тўлиқ берилиши чоралари кўрилади.

Ишчилар 12 соат ишлаб, 8 соат учун табель тўлдириши юзасидан «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятининг «Шўртан» участкаси меъёрчиси, яъни табель тўлдирилишига масъул ходими Жаҳонгир Аҳмедов изоҳ берди. Унинг айтишича, ишчилар 12 соат ишлаганда шу вақт бўйича табель тўлдирилгани ва ойлик маош ҳам шу асосида ҳисобланишини, бу борада ишчилар эътирозлари ноўрин эканлигини билдирди.

Маълум бўлишича, 12 соатлик иш режимига ўтиш участка бошлиғи сўрови асосида «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамияти директори буйруғи билан амалга оширилар экан.

Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, «Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш» акционерлик жамиятида муаммолар етарлича. Мутасаддилар буни инкор қилмаган ҳолда иқтисодий ҳолат билан боғлаб, келгусида мавжуд камчиликларни бартараф этишга ваъда берди.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради ва бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид