Жамият | 11:40 / 25.04.2019
10976
9 дақиқада ўқилади

Автофалокат сабаб бир оёғидан айрилган йигит қисмати

Мен Абдуллаев Жавлонбек 1996 йилда Наманган вилоятининг Косонсой туманида туғилганман. Оилада кенжа фарзандман. Ниҳоятда шўх, ўйинқароқ эдим. Дўстларим билан чиллак ўйнашни, тўп тепиб маҳаллани бошга кўтаришни ёқтирардим. Дадам раҳматли эса илмга қизиқувчан инсон эди. Менинг илмли бўлишимни истаб, тез-тез китоб ва дафтарлар олиб келарди. Беш ёшимдан бошлаб рус ва ўзбек тили алифбосини ўргатди. Дадам ўргатган шеърларини берилиб ёдлаганимни кўрса, ич-ичидан севинарди.

Болаларнинг қизиқишлари деярли бир-бирига ўхшаш бўлади. Мен ҳам кўпчилик ўғил болалар каби футболчи бўлишни орзу қилардим.

Бу воқеа 14 август куни содир бўлди. Дадам ва онам бозор-ўчар қилгани кетишди. Опам ҳам уйда нимадир иш қилаётганди. Ўйнаш учун кўчага чиқдим-у, чанқаганимни ҳис қилдим. Ариқдан муздек сув ичгим келди. Қишлоқнинг суви барибир бошқача-да, тўйиб-тўйиб ичдим. Ўшанда узоқдан нимадир келаётганини пайқадим, ҳа “Камаз” экан. Шошиб, девор тагига ўтишим кераклигини тушундим. Кейин... Нима бўлди, тушунмадим. Машина сигналининг қаттиқ овози, чанг-тўзон. Мен “Камаз” ғилдираги ёнида ётардим. Юзимни сийпаладим, бурнимдан озгина қон оқибди, қўлларим ҳам чангга беланибди. Шу пайт қўшни аёллардан бири чиқиб, “дод” деб бақирди ва “гуп” этиб йиқилди. Кейин яна бир аёл ҳушини йўқотди. Бир неча қадам нарида опамнинг йиғлаб югуриб юрганини кўрдим. Уни чақирмоқчи бўлдим. Ва қаршимдаги манзарани кўриб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Рўпарамда оёғим, ҳа, менинг оёғим типирчилаётган жонивордек ҳаракатланарди. Бир пайт опам уни маҳкам бағрига босиб, ёнимга келди. Оғриқни ҳис қилмадим, аммо оёғимни унинг қўлида кўриб, ҳушимни йўқотдим.

Кўзимни очиб, ёнимда дадам ва онамни кўрдим. Уларга айб менда эмаслигини, нима бўлганини тушунмай қолганимни тушунтирмоқчи эдим, аммо иккиландим. Ўрнимдан турай деб чойшабни кўтарганда эса...ҳаммасини тушундим. “Менинг оёқларим қани?” деб бақирдим. Боядан буён тинмай лабини тишлаётган онам ҳўнграб йиғлади, дадам эса юзини кафтлари билан тўсди.

Икки ой деганда касалхонадан уйга қайтдик. Хурсандчилик оиламизни бутунлай тарк этган эди. Ўша дамда кўзимга атроф-муҳитдан тортиб, менга қадрдон бўлган буюмлар ва одамларгача бегонадек туюлди. Тўпнинг ортидан югуриб юрган бола учун кун бўйи шифтга термулиб ётиш азоб эди. Аҳён-аҳёнда қўшни қизларнинг арғимчоқ ўйнашганини ёки болалар тўп тепишаётганини эшитиб қолардим. Дераза ёнига судралиб келиб, уларни кузатардим. Ҳавасим келиб, кўчага чиққим келарди-ю, оёғим йўқлиги ёдимга тушиб яна каравотимга бориб ётардим.

Шу зайлда кунлар ўтиб бораверди. Тенгдошларим мактабга чиқиб, Президент совғасини олиб келишди. Кечга яқин дадам ишдан қайтиб, хонамга кирди. Бир қучоқ ўқув қуроллари ва китоблар олиб келибди.

- Дада, мен ҳам эртага мактабга бораманми?,- дедим қувониб.

- Ҳа мактабга борасан, янги очилган мактабга,- деб кулиб қўйди. -Бу мактаб уйимиз, ўқитувчиси мен, ўқувчиси сен бўласан, деди.

Эртасидан бошлаб, дарс машғулотларини ўтадиган бўлдик. Дўстларим дарсларни бир тилда ўрганишса, мен бир вақтда ўзбек ва рус тилларида ўргандим. Хуллас, кўп ўтмай уйимиз бадиий китобларга тўлди. Кундуз кунлари китобларни ўқирдим, кечки пайт эса дадамга сўзлаб берардим. Аммо барибир мактабга бормаганим алам қиларди.

Бир куни ижтимоий таъминот марказидан ногиронлар аравачасини олиб келишди. Онам иккимиз роса қувондик. Бу билан кўчага чиқиш анча қулай эди. Ўзимча режалар туздим. Футбол ўйнайман, мактабга бораман, дўстларим билан сайр қилсам ҳам бўлади. Хонам бурчагида савлат тўкиб турган аравачага қараб, қувониб кетардим. Аммо бу дадамга ёқмади. Ишдан қайтиб аввал онамга, кейин менга бақирди. “Аравачанинг кераги йўқ, менинг ўғлим унда ўтирмайди”, деб шахт билан кўтариб уни ҳовлига олиб чиқиб ташлади. Режаларимнинг бари шамолда тўзғиган чангдек ҳар ёнга учиб кетди. Дадамдан қаттиқ ранжидим, ҳатто, эртаси куни тонгда хонамга кирганида атайин ўзимни ухлаганга солиб ётавердим.

- Мана сенга қўлтиқтаёқ, - деди дадам ишдан қайтгач. – Тўғри, бошида ундан фойдаланишга қийналасан, аммо тез орада унинг қулайлигини англайсан, - деди.

- Футбол ўйнасам ҳам бўладими? – дедим кўзларимни катта-катта очиб.

- Бўлади, фақат аввал у билан яқин дўст бўлишинг керак.

Шу кечадан бошлаб, бир жуфт қўлтиқтаёқда юришни машқ қилдим. Бир йиқилдим, икки йиқилдим... Хуллас, у билан дўстлашиш иштиёқи устунлик қилиб, унда бемалол ҳаракатланишни ўргандим. Дадам бундан жуда хурсанд бўлди ва менга битта қўлтиқтаёқнинг ўзи етарли эканлигини уқтирди.

Бешинчи синфдан бошлаб мактабга қатнай бошладим. Уйдаги машғулотлар менга анча асқотди. Юқори синфларни эса ихтисослаштирилган мактаб интернатида давом эттирдим. Ундан кейин дадамнинг орзуларини амалга ошириш учун НамМТИ қошидаги 2-сон академик лицейининг аниқ фанлар йўналишида таҳсил олдим. Ўқиш билан биргаликда инглиз тилини ҳам ўрганишга қарор қилдим.

“Излаган имкон топар”, деганларидек инглиз тилини ўрганишим у қадар қийин кечмади. Курсдош дўстларим орадан биринчи бўлиб, 6,5 балли IELTS сертификатини олишга муваффақ бўлдим.

Ўтган йилларга назар ташлаб, кўнглим ғашланади. Боиси, мен сабаб оила аъзоларимнинг юзидан кулгу, ҳаётидан хотиржамлик йўқолди. Уларнинг ҳаётига яна мазмун, хурсандчилик олиб киришим кераклигини тушундим. Қачонки бирор муваффақиятга эришсам, улар қувонади, фахрланишади. Бу истак мени спорт машғулотларига етаклаб борди.

Аввалига параолимпиянинг оғир атлетика, стол тенниси ва футбол турлари билан шуғулландим. Мураббийим сузиш спортидаги қобилиятимни сезиб, машғулотларни Чимбой туманидаги 16-БЎСМда давом эттиришимни тавсия қилди.

2015 йилнинг декабрь ойида спортдаги илк ғалабамни қўлга киритдим. 3-декабрь – Ногиронлар кунига бағишлаб ўтказилган XVI параолимпия сузиш спорт тури бўйича Ўзбекистон биринчилигида 1-ўринни қўлга киритдим.

Ғалабалар бир-бирига уланиб кетди. Биласизми, менга ғалаба эмас, берилган медаль ва дипломни кўзида ёш билан қўлга олган ота-онамнинг қувончи муҳимроқ эди.

Ҳаёт ниҳоятда бешафқат дейишгани рост экан. Олийгоҳга кириш имтиҳонларига тайёрланаётганимда, шумхабар оиламиз қаддини яна букди. Шифокорлар дадамнинг саратон хасталигига чалинганини аниқлашди. Ўқишни, спортни бутунлай унутдим. Ўзимни мен учун қурбон қилган инсон учун бахшида этишга қарор қилдим. Икки йил мобайнида акам иккимиз дадамнинг бошида парвона бўлдик. У бизни узундан-узоқ дуо қилиб, ҳаётдан кўз юмди.

Мен худди шу куни азоб, дард нима эканлигини ҳис қилдим. Гўё энди ҳаёт оёғимни эмас, юрагимни юлиб олгандек бўлди. Яна нимқоронғу хонамга қамалдим. Менга энди ҳамма нарса бегона эди.

Кунлар ойларга уланиб бораверди. Бир куни онам “Даданг сендан ранжияпти. Ахир, сен бизни хурсанд қилмоқчи эдинг-ку, эсингдан чиқдими?” деб койиб берди. Шу орада туман ҳокимлиги кўмагида инглиз тилини ўрганиш курсини ташкил этишим мумкинлиги ҳақида эшитиб қолдим. Имконияти чекланган инсонлар учун инглиз тилини ўрганиш курсини ташкил этиш учун рухсатнома олдим. Август ойида эса Наманган давлат университетининг иқтисод йўналиши бўйича ўқишга қабул қилиндим. Ҳозирда ўқиш билан бирга спортнинг диск улоқтириш ва сузиш турлари билан шуғулланаман. Имконияти чекланган ўғил-қизларга инглиз тилини ўргатаман, шеърият билан шуғулланаман. Бир сўз билан айтганда, энди менинг тўшакка михланишга, дераза ортидан одамларни кузатишга вақтим йўқ. Мен энг фаол ёшлардан бириман!

Жавлонбекнинг сўзларини Наргиза МУРОДОВА оққа кўчирди.

Мавзуга оид