Ўзбекистон | 14:40 / 07.05.2019
15418
4 дақиқада ўқилади

Республика Онкология маркази фаолиятидаги қатор камчиликлар кескин танқид қилинди

Фото: parliament.gov.uz

2019 йил 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.

Марказ фаолиятида ахборот ресурслари ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш учун яратилган имкониятлар ҳужжатлар, бевосита жойига чиқиш орқали ҳамда фуқаролар ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш воситасида ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, муайян камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди. Хусусан, фуқароларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда шароит яратиш масаласига марказ томонидан етарли эътибор қаратилмаган.

Марказ томонидан шу кунгача беморларни масофадан шифокор қабулига ёзиш имконияти яратилмаган. Марказда навбатни бошқариш бўйича ҳеч қандай тизим ўрнатилмаган, “электрон навбат”, масофадан навбатни банд қилиб қўйиш имкони йўқ.

Марказнинг веб-сайти қонун ва ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабларига жавоб бермайди. Марказ филиалларининг веб-сайтлари ҳам қониқарсиз аҳволда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида марказда ташкил этилган саратон профилактикаси маркази - онкологик касалликлар профилактикаси ва скрининг текширишлар ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона маълумотлар базасини (канцер-регистр) шакллантириш белгиланган. Бироқ марказдаги ягона маълумотлар базаси (канцер-регистр) ишлари ўз аҳволига ташлаб қўйилган ва бугунги кунда республика бўйича умумий ягона электрон рўйхат мавжуд эмас.

Марказда рўйхатдан ўтган беморларнинг электрон карталари жорий қилинмаган. Марказга қарашли таъмирланаётган бино лойиҳасида эса, алоқа воситалари, шу жумладан, телефон ва локал тармоқларни ўрнатиш кўзда тутилмаган.

Марказнинг амалда ишлаб турган поликлиникасида эса, зарур ахборот инфратузилмаси яратилмаган. Масъул шифокорларнинг хоналари локал тармоққа уланмаган, мавжуд компьютер воситалари ва улардаги дастурий маҳсулотлар маънан эскирган, хизмат компьютерларининг бирортасида ҳам лицензия асосидаги операцион тизим ва дастурлар ўрнатилмаган.

Ўрганишлар давомида марказдаги мавжуд 124 та компьютернинг аксарияти носоз ҳолда бўлгани сабабли, шифокорлар ўз эҳтиёжлари учун олиб келган шахсий компьютерлардан фойдаланиб келаётгани ҳолатлари ҳам аниқланди.

Ички локал тармоқни улаш орқали ахборот алмашиш имконияти филиалларда ҳам етарли яратилмаган. Масалан, Наманган филиалида мавжуд 28 та компьютердан 6 таси, Фарғона 2-сон филиали 8 та компьютердан 4 таси ички локал тармоққа уланган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб депутатлар марказ фаолияти бўйича ўзларининг жиддий эътирозларини билдириб ўтдилар. Жумладан, депутатлар томонидан Онкология маркази ва унга қарашли поликлиника ўртасида локал тармоқ йўқлиги, фуқаролар учун онлайн маслаҳат, электрон навбатнинг ташкил этилмагани, беморлар билан навбат асосида ишлашда тизимли ёндашув шакллантирилмагани, тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилмагани кескин танқид қилинди.

Мавзуга оид