Ўзбекистон | 09:03 / 22.11.2019
10613
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинади. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш сиёсатининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланади:

хорижий мамлакатларнинг давлат ва нодавлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар томонидан Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётган, замонавий демократик ҳуқуқий давлат сифатида яхлит ва ижобий қабул қилинишини кучайтириш;

сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларни давом эттириш, республиканинг инвесторлар ва ишбилармон шериклар учун жозибадорлигини кучайтириш, жаҳон миқёсида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон манфаатларига мос келадиган муҳим иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун энг қулай шароитларни шакллантириш;

халқаро майдонда Ўзбекистоннинг жозибали миллий брендини шакллантириш ва мустаҳкамлаш орқали минтақавий ва глобал бозорларда маҳаллий товарлар ва хизматлар экспортини илгари суриш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва унинг жаҳон ҳамжамиятида ижобий қабул қилинишини кенгайтириш орқали миллий суверенитет, барқарорлик ва хавфсизликни кучайтириш.

Ўзбекистонни Осиёнинг етакчи ишбилармонлик, маданий ва туризм марказлари сафига киритиш.

Концепцияга кўра, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ҳамжамиятидаги ижобий имижини шакллантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда халқаро нуфузини ошириш учун зарур шарт-шароитларни белгиловчи Ўзбекистоннинг асосий имиж хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

бой маданий, тарихий, маънавий ва интеллектуал мерос, давлатчиликнинг кўп асрлик тарихи;

фан ва маданият, дунё ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ва тан олинган ҳиссаси;

анъанавий ва юқори даражадаги миллатлараро ҳамда конфессиялараро ҳамжиҳатлик, жамиятдаги ижтимоий тотувлик ва бағрикенгликка асосланган дунёқараш;

юқори даражали инсоний потенциал, шаклланган давлат ва жамоат бошқарув органлари тизимининг мавжудлиги;

катта табиий ресурслар салоҳияти, ривожланган транспорт ва коммуникация инфратузилмаси.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришнинг асосий омиллари қуйидагилардир:

мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликнинг сақланиб қолиниши;

жамиятнинг ва давлат фаолиятининг барча соҳаларининг тубдан ислоҳ қилиниши, ҳукумат ва бошқарув ҳамда суд-ҳуқуқ тизимларининг барқарорлиги, давлат сиёсатининг изчиллиги ва очиқлиги, ижтимоий тенглик ва жамоатчилик назорати институтини ривожлантиришга асосланган давлат ва жамоат институтларининг самарадорлиги;

демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш ва кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳамда коррупцияга қарши курашдаги ижобий ўзгаришлар;

инсон ҳуқуқи ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишини таъминланиши, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштирилиши, инсон дискриминациясига ва жамиятнинг барча соҳаларида тенгсизликка йўл қўйилмаслиги;

иқтисодиётнинг либераллаштирилиши ва диверсификация қилиниши, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги рақобатбардошлигининг ошиши ҳамда уларнинг модернизацияси ва интенсив ривожланиши, хусусий мулкчилик ролининг устуворлиги ва унинг ҳуқуқлари ҳимоясининг кучайиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожининг рағбатлантирилиши, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти ва ҳудудларини ривожлантириш мақсадида хорижий инвестицияларнинг фаол жалб қилиниши;

туризм инфратузилмаси ва туристик хизматларининг узлуксиз янгиланиши ва ривожланиши, тарихий ва маданий объектларни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ сақланиши ва тикланиши;

«Made in Uzbekistan» бренди остида юқори сифатли миллий товарлар ва хизматлар, рақобатбардош маҳсулотлар экспортининг кенгайтирилиши;

кучли ижтимоий сиёсат, аҳоли бандлиги, унинг реал даромадлари ва фаровонлигининг ошиши, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимларининг такомиллаштирилиши, инсон тараққиётига давлат томонидан амалга оширилаётган инвестициялар;

аёллар аҳволининг яхшиланиши, уларнинг иқтисодий фаоллигининг ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролининг ошиши;

фуқароларнинг жинсий, миллий, диний, ирқий мансублиги ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва иқтисодий фаолиятидаги ролининг ошиши;

юқори даражали таълим, миллий фан, маданият, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларидаги ютуқлар;

ёшларнинг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигининг оширилиши, давлат томонидан самарали олиб борилаётган ёшлар сиёсати;

Ўзбекистонга тарихан хос бўлган мультикултурализмнинг сақлаб қолиниши;

миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланиши, маърифатли исломнинг тарғиб этилиши ва ушбу йўналишлардаги Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро ташаббуслари;

чет элдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилиши;

Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи чет эл фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг ортиши;

мамлакатнинг мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик ҳудудини яратишга қаратилган очиқ, дўстона, мувозанатлашган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатнинг амалга оширилиши.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш ва илгари суришнинг асосий тамойиллари қуйидагилардир:

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, хорижий нодавлат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан конструктив ва очиқ мулоқот олиб боришга тайёрлик;

холислик, тизимлилик, доимийлик ва изчиллик;

илмий жиҳатдан асосланганлик;

ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;

оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги ва мустақиллиги;

тинчлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, инсон ҳуқуқи ва манфаати қадриятлари ғояларига содиқлик;

ҳукумат қарорларини қабул қилишда мамлакатнинг ижобий халқаро имижини мустаҳкамлаш сиёсатининг асосий йўналишларини ҳар томонлама инобатга олиш.

Мавзуга оид