Жаҳон | 17:30 / 22.12.2019
45903
5 дақиқада ўқилади

Афғонистонда президентлик сайлови 3 ой аввал ўтказилганди. Илк натижалар энди эълон қилинди

Афғонистондаги президентлик сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, Ашраф Ғани 50,64 фоиз овоз тўплаган ҳолда иккинчи муддатга лавозимида қоладиган бўлмоқда.

Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла сентябрь ойидаги сайловдан кейинги куниёқ ўзларини ғолиб деб эълон қилишганди.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси раиси Ҳаво Нуристоний 22 декабрда сайловларнинг дастлабки натижаларига якун ясаб, Ғани кўпчилик овоз олганини эълон қилган.  

Унинг таъкидлашича, Муҳаммад Ашраф Ғанига 923 минг 868 киши ёки 50,6 фоиз сайловчилар овоз берган. Унинг асосий рақиби – бош вазир Абдулла Абдулла 720 минг 99 овоз (39,52 фоиз) олган. Қолган номзодлар - Афғонистон Ислом партияси раиси Гулбиддин Ҳикматиёрга 70 минг 243, Раҳматиллоҳ Набилга эса 33 минг 921 овоз берилган. Нуристонийнинг айтишича, текширувлардан кейин 1 млн 824 минг 401 бюллетен ҳақиқий деб топилган.

Абдулла Абдулланинг вакили Бобур Фараҳманд бу натижаларни сохталаштирилган деб атаган. «Барқарорлик ва интеграция» сайлов жамоаси бошқа номзодларнинг қонуний талаблари ҳисобга олинмаган бу сохта натижаларни ҳеч қачон қабул қилмайди», деб айтган Фараҳманд.

Мамлакатда сайлов 28 сентябрь куни ўтказилган, аммо унинг натижалари Абдулла Абдулланинг тарафдорлари овоз бериш жараёнида қўпол қоидабузарликлар қайд этилганини маълум қилиб, норозилик намойишлари бошлагани туфайли шу вақтга қадар расман эълон қилинмай келмоқда.

Абдулла Абдулла мамлакат Олий судига апелляция бермоқчи ва шикоят кўриб чиқилмагунча сайлов натижаларини расмий деб ҳисоблаб бўлмайди.

«Яна бир марта маълум қиламизки, бизнинг жамоамиз қонуний талабларимиз бажарилмагунича бу сохта сайлов натижаларини тан олмайди», - дейилган Абдулла штабининг баёнотида.

Абдулла Абдулланинг ҳисоблашича, ундан 300 минг овозни ўғирлашган.

Беш йил муқаддам ўтказилган президентлик сайловларида Абдулла Ашраф Ғанини биринчи турда ортда қолдирган, аммо иккинчи тур натижаларига кўра мағлубиятга учраганди. Ўшанда ҳам овоз бериш натижалари бўйича баҳслар узоқ давом этган ҳамда сиёсий беқарорлик юзага келишига сабаб бўлганди.

Намойишлар ва инқироз

Абдулла Абдулла тарафдорлари кўплаб шаҳарларда намойишлар уюштиришди

Сентябрь ойидаги сайловдан кейинги куни икки номзод ҳам ўзларини ғолиб деб эълон қилишди, аммо бунинг учун ҳеч бир тасдиқ келтиришмади.

Натижалар эълон қилиниши октябрь ойига мўлжалланганди, аммо мухолифатчиларнинг намойишлари ва бошқа техник сабабларга кўра бу муддат кечиктирилди.

Бу сайловдаги давомат 2001 йилги сайловлардан (ўшанда толибонлар режими ағдарилганди) буён энг паст натижани кўрсатди. Сайловда иштирок этганлар сони икки миллиондан ошмади.

Афғонистон аҳолиси сони 37 миллион кишини ташкил этади, сайлов ҳуқуқи фақат 9,6 миллион кишида мавжуд. Сайлов ҳуқуқига эга бўлганларнинг бир миллионга яқини жойлардаги турли техник муаммолар ва қоидабузарликлар туфайли сайловда иштирок эта олишмаган.

Давомат кўрсаткичлари пастлигининг яна бир сабаби хавфсизлик билан боғлиқ: сайловлар арафасида толибонлар сайлов участкаларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилишганди.

Сайловлар нима учун муҳим

Ноябрь ойида Шукроналик кунида Трамп кутилмаганда Афғонистондаги ҳарбий базага ташриф буюрганди.
Мамлакатда 13 минг нафар америкалик ҳарбий бор

Мамлакатнинг кейинги президенти қаршисида 40 йилдан буён уруш гирдобида қолаётган ва ҳозирда ҳам йилига минглаб кишилар ҳалок бўлаётган мамлакатни бошқариш вазифаси туради.

АҚШ ва толиблар ўртасидаги музокаралар сентябрь ойида барбод бўлган, президент Дональд Трамп кутилмаганда Кэмп-Дэвидда ўтказилиши керак бўлган учрашувни бекор қилганди. Бунга Кобулдаги теракт оқибатида америкалик ҳарбий ҳалок бўлиши сабаб эди.

Толибон ҳаракати вакиллари ўзлари ноқонуний деб ҳисоблайдиган Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришдан бош тортишганди. Улар бундай мулоқот фақат АҚШ билан келишувга эришилганидан кейин рўй беришини маълум қилишган.

Айни вақтда Афғонистонда АҚШнинг 13 минг нафар ҳарбийси, шунингдек, мамлакатга НАТОнинг афғонистонлик ҳарбийларни тайёрлаш мақсадидаги дастури доирасида келган бир неча минг америкалик бор.

АҚШ қуролли кучлари Афғонистонга 18 йил муқаддам, 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонда рўй берган терактлардан кейин кирган. Бу Америка тарихидаги энг узоқ вақт давом этаётган ҳарбий кампания ҳисобланади.

Мавзуга оид