Ўзбекистон | 18:57 / 09.05.2020
22026
5 дақиқада ўқилади

Электр, интернет ва таълим. Ўзбекистонда уйдан туриб пул ишлашга тўсқинлик қилаётган омиллар маълум қилинди

Бошланғич капиталсиз, уйдан туриб пул ишлаш учун қулай йўл - бу фрилансинг. Ўзбекистонда мазкур соҳада фаолият юритиш истагини билдираётганлар сони ошиб бормоқда. MFactor лойиҳасининг Ёшлар иттифоқи билан ташкил этилган навбатдаги сони “Ўзбекистонда freelance истиқболи” мавзусига бағишланди.

 Унда тадбиркорлар Лазиз Адҳамов, Ботир Арифжанов ва Акмал Пайзиев соҳани ривожлантириш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.

 Дастур давомида тадбиркорлар Ўзбекистонда фрилансинг ривожланишига таъсир қиладиган омиллар ҳақидаги саволга жавоб беришди.

 Акмал Пайзиев:

- Биринчи ўринда, электр токи бўлиши керак. Майли, қуёш панелларини қўйиб, электр токини бир амаллаб ҳал қилса бўлар. Энг асосийси, интернет. Интернет бўлмаса, худди фермерликни ривожлантириш тўғрисида гаплашяпмизу, аммо сув йўқдек гап. Сув бўлмаса, қандай қилиб экин ўсади? Уруғни олиб келиш мумкин, ер бор, уни амалласа бўлади, лекин сув бўлмаса, экин ўсмайди-да.

Фриланс деганда Ғарб давлатларидаги ишлашни мисол тариқасида олайлик. Чунки русийзабон бозорда биз рақобат қила олмаймиз. Чунки у ерда Беларусь, Украина ва жуда кўп бошқа давлатлар бор. Бозор кичкина. Асосий катта бозор – Америка ва инглиз тилида сўзлашиладиган Европа бозорлари.

 Лазиз Адҳамов:

- Бизда фрилансга тўсқинлик қилаётган яна бир муҳим нарса бор. Бу - таълим. Афсус, 10-15 йил ичида мактабни битираётган болаларнинг 90 фоизини йўқотдик. Чунки улар мардикор қилиб тайёрланган. Фриланс бўлганидан кейин Америка билан ишлаш учун инглиз тилини билиш керак. Ахборот технологиялари, дизайн соҳаларини олсак, одам ўз устида ишлаб, дарсларини бажариши керак.Гап беш баҳода эмас, ўқиш жараёнини ўзгартириш керак. Ғарбда эркин фикрлашни ўргатишади ва бозорда ўз ғояларини ҳимоя қилиб, янгилик яратиш қадриятлари бор. Бизда мактаб, институтлардаги ўқиш жараёнини олсак, уларда фрилансер тайёрланмайди. Улар соат тўққизда келиб, олтида кетадиган, бажара олмаса ҳам “хўп хўжайин, бажарамиз” дейдиган ишчи тайёрлашади. Таълим маданиятини мактаблар, институтларда ўзгартириш керак.

Ботир Арифжанов:

- Биздаги бор муаммолар бўйича гапиришни бошладик. Биздаги интернет муаммоси. Ўзбекистоннинг интернет бўйича ўтган йилги статистикасини кўрган эдим. Бизда аҳолининг 20 миллиондан ортиқ қисмида мобил интернетдан фойдаланиш имконияти бор деган ҳисобот бериляпти. Бу статистика қандай ва қайси кўринишда жамланишини билмайман. Лекин Тошкентдан ташқарига чиққанимиздан кейин интернетдан бемалол фойдаланиш жуда қийин, нархи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Қўшни давлатлар билан солиштирганда интернет ҳали ҳам 2-3 баравар қиммат. Интернет ҳашамат бўлиши керак эмас. У худди кислородга ўхшаган нарса. Ҳозир фриланс тўғрисида гапиряпмиз, қанча зўр мутахассис бўлишингиздан қатъий назар ўзингиз хоҳлаган нарсани етказиб бериш учун канал керак. Бу – интернет. Агар биз бу нарсани таъминлаб бермасак, ҳамма қилинаётган ишлар, гапирилаётган гаплар хом.

Иккинчи масала бу – таълим. Фриланснинг турлари кўп дейиляпти. Лекин унинг катта фойда келтирадиган йўналиши – дастурлаш. Ўртача дастурчи фриланс орқали ишлаганида соатига 15 доллардан кўп пул топиш имконияти бор. Бир ойда камида 500 ёки минг долларгача топиш имконияти бор. Шундай имконият яратилса, унга дастурчилар борми, деган савол бор. Афсуски, йўқ. Бизда Ўзбекистонда ҳозирда ишлаётган корхоналар учун дастурчилар тақчиллиги бор. Мисол учун, ўзимизнинг бир лойиҳамизда IT`ни Москвадан аутсорс қиляпмиз. Москвадаги дастурчилардан биз истаган сифатни олиш арзонроқ тушяпти. Бу нима дегани? Бу - бизда дастурчилар билан боғлиқ жуда катта муаммо бор.

 Дастур давомида фриланснинг дунёдаги ҳолати бўйича маълумот берилди. Унга кўра, фрилансинг энг ривожланган жойлардан бири бу – Америка Қўшма Штатлари. АҚШда бугунги кунга келиб, аҳолининг 35 фоизи фрилансинг асосида иш юритяпти. Уларнинг топган даромади 2019 йилда 1 триллион доллардан ошган. Дунё бўйича ўртача фрилансернинг бир соатда ишлаб топадиган даромади 15-20 доллар атрофида.

 Тўлиқ суҳбатни MFactor`нинг Youtube`даги канали орқали томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид