Ўзбекистон | 23:35 / 08.06.2020
7297
2 дақиқада ўқилади

Фрилансерлар фаолиятига енгиллик берилди

«Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Фото: StackCommerce / Mashable

Қарор билан, интернетда хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

  • кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш;
  • контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш).

Қарорга асосан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасига келаси йилда «Бизнес навигатор» ахборот тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.

Тизим қуйидагиларга имкон яратувчи сервислардан реал вақт режимида фойдаланишга ёрдам бериши кўзда тутилган:

  • тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлаш;
  • кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш;
  • тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олиш;
  • тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш.

Тизимни яратиш бўйича буюртмачи этиб Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги белгиланди.

Лойиҳа Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мавзуга оид