Жамият | 20:10 / 30.09.2020
9112
5 дақиқада ўқилади

«Korean and migrations» агентлиги жабрланувчилари ҳам пулларини талаб қилиб йиғилди. Вазир жараён тезлаштирилишини айтди

28 сентябрь куни «Korean and migrations» xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларининг фирибгарлигидан жабрланганлар бош вазир билан учрашиш ва ўз саволларига жавоб олиш мақсадида Мустақиллик майдонида йиғилди.

Митингда Бош вазир Абдулла Ариповнинг хизмат сафарида эканини маълум қилган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов жабрланувчиларни қийнаётган саволларга ўзи ва суд ҳокимияти вакиллари томонидан жавоб берилишини айтди.

Жабрланувчиларни биринчи ўринда қизиқтираётган масала – пуллари қачон қайтарилиши ҳақидаги саволларига вазир қуйидагича жавоб берди:

«Суд ҳукми чиқиб, иш апелляцияда кўрилганидан кейин жабрланувчилар рўйхатига асосан ички ишлар органларининг депозит ҳисоб рақамида турган 7 млрд 831 млн сўм пул МИБга ўтказилиб, пропорционал равишда жабрланувчиларга тарқатилади.

Нозим Ҳусанов

Бундан ташқари, апелляциядан сўнг ҳукм МИБга жўнатилади, МИБ қўшимча равишда жабрланувчилардан олиб қўйилган 500 млн.га яқин қийматдаги мол-мулкни сотиб, унинг пулини ҳам пропорционал равишда жабрланувчиларга тарқатиб беради. Жабрланувчиларга пулларини қайтариш жараёнини иложи борича тезлаштиришга ҳаракат қиламиз», – деди Нозим Ҳусанов.

Митингдан сўнг, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида мазкур жиноят иши бўйича жабрланувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилиб, унда жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш муддати ва тартиби бўйича ушбу жиноят ишини кўриб чиққан судьялар томонидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Толиб Обидов

ЖИБ Яккасарой туман суди раиси Толиб Обидов 14 сентябрь куни 12 нафар судланувчига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинганини, унга кўра, судланувчилардан солидар тартибда жабрланувчилар фойдасига жами 19 млрд 551 млн сўм моддий зарар ундириш, шунингдек ИИВ депозит рақамига топширилган жами 7 млрд 831 млн сўм пул маблағлари ва 573 млн 856 минг сўмлик хатланган мол-мулкларни етказилган моддий зарар ўрнини қоплашга қаратиш белгиланганини маълум қилди.

Суд материалларида дастлабки тергов органи томонидан 2 372 нафар фуқаронинг жами 24,2 млрд сўм пул маблағлари фирибгарлик йўли билан қўлга киритилгани кўрсатилган бўлиб, жиноят иши қўзғатилгунга қадар жабрланувчиларга 2,95 млрд сўм қопланган ва суд жараёнида айрим жабрланувчилар даъводан воз кечишган.

Айни дамда ЖИБ Яккасарой туман судининг 2020 йил 14 сентябрдаги ҳукми қонуний кучга кирмаганлиги сабабли ижрога қаратилмаган.

ЖИБ Яккасарой туман суди раисига кўра, ушбу ҳукм устидан айрим судланувчилар томонидан апелляция тартибида шикоятлар келиб тушган бўлиб, мазкур шикоятлар жиноят иши ҳужжатлари билан бирга ЖИБ Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида кўриб чиқилиши учун расмийлаштирилмоқда ҳамда 2 октябрь куни ишни апелляция инстанциясида кўриш бошланади. Ушбу жараён якунланиши биланоқ суд ҳукми қонуний кучга киради ва МИБ томонидан жабрланувчиларга пулларини қайтариш бошланади.

Брифингда жабрланувчилар ва ОАВ вакиллари ҳам саволлари билан иштирок этишди.

Баъзи жабрланувчиларнинг айтишича, айбланувчилар улардан даъводан қисман ёки тўлиқ воз кечишни илтимос қилиб, пулни ўзлари қисқа фурсатларда қайтаришга ваъда беришган. Бунга ишонган жабрланувчилар уларнинг илтимосини бажарган ҳамда яна бир марта алданишган. Ушбу пулларни қайтариш хусусида берилган саволга судья эндиликда бунинг имкони йўқлигини, чунки судда жабрланувчиларнинг ўзлари пулни қайтариб олдим деб кўрсатма беришганини, жабрланувчиларнинг кўрсатмаси эса далил ҳисобланиши туфайли ушбу пуллар ундирилиши керак бўлган умумий суммадан чиқариб ташланганини маълум қилди.

Темур Касимов

ОАВ вакилининг «Korean and migrations» xususiy bandlik agentligi» МЧЖга 2 372 нафар фуқаро ишониши учун МЧЖ томонидан кимлардир чет элга ишга жўнатилганми, деган саволига туман суди судьяси Темур Касимов жиноят ишини ўрганиш жараёнида бирорта одам чет элга ишга жўнатилмагани аниқланганини билдирди.

Шунингдек, брифингда шу каби ҳолатлар келажакда бошқа такрорланмаслиги учун хусусий бандлик агентликлари фаолиятига мижозлар ҳуқуқини таъминлаш бўйича талаблар кучайтирилаётгани, бу бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилаётгани маълум қилинди.

Маълумот учун, ўтган ҳафтада бошқа бир ХБА – «Profelite IMP»дан жабрланганлар ҳам бош вазир қабулига тўпланган эди.

Мавзуга оид