Жамият | 20:01 / 07.10.2020
9908
2 дақиқада ўқилади

Апелляция суди «Korean and migrations» агентлиги бўйича ҳукмга ўзгартишлар киритди

14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида «Korean and migrations xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдорларига нисбатан суд ҳукми эълон қилинганди. Кейинроқ ҳукмга нисбатан бир қатор судланувчилар томонидан апелляция шикояти ва прокурор томонидан протест келтирилди.

Олий суд ахборот хизмати хабарига кўра, ЖИБ Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 7 октябрдаги ажрими билан ЖИБ Яккасарой туман судининг 14 сентябрдаги ҳукмига айрим ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан, 10 нафар судланувчининг айбловидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми (Ҳужжатнинг қалбакилигини била туриб, ундан фойдаланиш) чиқариб ташланган ва ушбу модда билан тайинланган жазолар бекор қилинган.

Шунингдек, ҳукмнинг тавсиф қисмидаги жабрланувчи Ж.Э. фойдасига жами 52 888 155 сўмлик эпизод ҳамда қарор қисмидаги ушбу суммани ундириш қисми чиқарилган. Ҳукмнинг қарор қисмидаги жабрланувчи А.З. фойдасига жами 27 202 730 сўм ундириш қисми бекор қилиниб, унинг фойдасига жами 32 602 730 сўм ундирилиши белгиланган.

Ҳукмнинг тавсиф ва қарор қисмларидаги «VEGA BEST» МЧЖ ва «Агрофитоэкспорт» МЧЖ ўртасида тузилган 2019 йил 2 апрелдаги 4-сонли ҳамда «FAYOZ-ХDS» МЧЖ, «BAXMAL FITOIMPEX» МЧЖ ва «ISMAILOV RUSTAM IKRAMOVICH» МЧЖлар ўртасида тузилган 2019 йил 7 апрелдаги 3-сонли олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топишга оид қисми бекор қилинган.

Апелляция шикоятлари ва апелляция протести қисман қаноатлантирилиб, ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Эндиликда суд ҳукми ижрога қаратилади ва жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаш бошланади.

Мавзуга оид