Спорт | 12:17 / 25.12.2020
5355
1 дақиқада ўқилади

Андижонда самбо бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди

24 декабр куни Андижон шаҳридаги сув спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида самбо бўйича 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар (қизлар) ҳамда 2004-2005 йилларда туғилган кадетлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, чемпионатда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан келган 427 нафар самбочилар ғолиблик учун кураш олиб боради.

Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон самбо ассоциацияси президенти Алишер Алимов, ассоциациянинг вилоят бўлими бошлиғи Шавкатбек Нишонов, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов сўзга чиқишди.

«Республика миқёсидаги бундай нуфузли мусобақаларнинг вилоятларда ўтказилиши ёшлар орасида спортни янада оммалаштиришга хизмат қилади. Андижонда ташкил этилган мазкур чемпионат ҳам вилоятдаги спорт мухлисларида, айниқса, ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Умид қиламизки, мусобақа иштирокчилари орасидан келажакда жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиладиган чемпионлар етишиб чиқади», дейди Шавкатбек Нишонов.

Чемпионат 26 декабрга қадар давом этади.

Мавзуга оид