Ўзбекистон | 17:35 / 25.03.2021
3962
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавируснинг янги штаммларини аниқлаш йўлга қўйилган – штаб аъзоси

Республика илғор технологиялар марказида коронавируснинг британча, бразилча ва африкача каби мутацияга учраган штаммларини аниқлаш йўлга қўйилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов хабар берди.

Мутасаддининг маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳам Британия, Бразилия, Жанубий Африка штамми ва бошқа мутацияга учраган штаммларни аниқлаш имконияти мавжуд. Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Республика илғор технологиялар марказида коронавирус инфекциясининг мутацияга учраган турларини аниқлаш йўлга қўйилган.

«Жумладан, 2021 йил 10 январида мамлакатимизда биринчи марта британча штамм ҳам шу марказда аниқланганди ва бу тўғрисида расмий баёнот берилган эди», деди Ботир Қурбонов.

Таъкидланишича, вируснинг янги ёки эски штаммига қарамасдан, касалланган беморлар тиббиётга мурожаат қилишлари ва махсус шифохона ёки уй шароитида даволанишлари лозим. Шунингдек, уй шароитида даволанаётганлар ва у билан мулоқотда бўлганлар ҳам тўлиқ назоратга олинади.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистонда 24 март куни кунлик ўсиш бўйича янги антирекорд қайд этилгани ва яна бир бемор вафот этганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид