Жаҳон | 00:09 / 27.03.2021
50294
3 дақиқада ўқилади

Дунё савдосига таъсир кўрсатган кема: Ever Given ҳақида нималар маълум?

Ever Given контейнер ташувчи кемасининг Сувайш каналида кемалар ҳаракатини тўхтатиб қўйиши дунё бозорида нархлар кўтарилишига олиб келмоқда.

Фото: EPA-EFE/SUEZ CANAL AUTHORITY

Воқеа

Evergreen транспорт компаниясининг Панама байроғи остида сузаётган Ever Given контейнер ташувчи кемаси Сувайш каналида саёзликка ўтириб, Ўрта ер денгизи ва Қизил денгизни боғловчи каналда кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйди.

Кема каналга кўндаланг туриб қолган ва икки томонлама ҳаракатни тўсиб қўйган. Кемани буришга уринишлар ҳозирча бесамар кетмоқда.

Фото: REUTERS

Ever Given

Ever Given 2018 йилда Япониянинг Imabari Shipbuilding кемасозлик компанияси томонидан қурилган. Унинг узунлиги 400 метр, эни 58,8 метрга тенг.

Кема 20 100 дона стандарт денгиз контейнерларини (узунлиги 6,1 метр, эни 2,44 метр ва баландлиги 2,59 метр) ташишга мўлжалланган. У 199,5 минг тонна юкни таший олади. Кеманинг крейсер тезлиги 9,6 узелга (соатига 17,7 километр) тенг.

Оқибат

Lloyd’s List компаниясининг ҳисоблаб чиқишича, Ever Given контейнер ташувчи кемасининг Сувайш канали орқали ҳаракатланишни тўхтатиб қўйиши жаҳон савдосига соатига 400 млн долларга тушмоқда.

Кема Сувайш каналида тиқилиб, ҳаракатни тўхтатиб қўйганидан сўнг нефт нархи кескин кўтарилди.

Фото: CNES/AIRBUS DS via REUTERS

Ҳозирда каналда 200та кема туриб қолган. Маълумотларга кўра, суюлтирилган газ ташувчи еттита кема йўналишини ўзгартирган. Учта кема Африкани айланиб ўтиш учун йўлга тушган, қолган кемалардаги юклар эса Осиё бозорига сотиб юборилиши мумкин.

 Логистика компаниялари икки ўт орасида қолган: йўл очилишини кутиш ёки қитъани айланиб ўтиш. Агарда йўл очилишини кутишса-ю, йўл тез орада очилмаса, юкларни етказиб бериш мавҳум бўлиб қолади. Айланиб ўтиш кўп вақт олади ҳамда етказиб бериш нархининг кўтарилишига олиб келади.

Сувайш канали

Сувайш канали Мисрнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган шлюзсиз денгиз канали ҳисобланади. У Aтлантика ва Ҳинд океанлари ўртасидаги энг қисқа сув йўли (Aфрикани айланиб ўтишни 8—15 минг кмга қисқартиради) бўлиб, Осиё билан Aфрика ўртасидаги шартли географик чегара деб қабул қилинган. Канал кема қатнови учун 1869 йил 17 ноябрда очилган. Узунлиги 161 км (каналнинг чиқишдаги давоми билан эса 173 км), кенглиги сиртида 120–150 м, тубида эса 45–60 мни ташкил қилади. Кемалар канални ўртача 11-12 соатда сузиб ўтади.

2020 йилда Сувайш канали орқали 19 мингта кема сузиб ўтган, бу кунига 52та кема дегани. 

Ever Given’га келсак, у Хитойдан ортилган юкларни Нидерландиянинг Роттердам портига олиб кетаётган бўлган.

Мавзуга оид