Жаҳон | 13:10 / 28.03.2021
14224
2 дақиқада ўқилади

Сувайш каналида саёзликка ўтириб қолган кемага ёрдамга яна иккита кема йўл олди

Фото: EPA

Сувайш каналини бир неча кундан бери тўсиб қўйган улкан кема Ever Given’га ёрдамга яна иккита шатакка олувчи кема йўл олди. Оптимистик прогнозларга кўра, кемани 28 март куни ёки келаси ҳафта бошида йўлдан олишга муваффақ бўлинади.  

Бироқ вазият ёмон тус олгудек бўлса, ушбу жараён бир неча кун ёки ҳафталарга чўзилиши ҳам мумкин.

Якшанба куни шатакка олувчи кемалар Ever Given’ни тортган вақтда экскаваторлар ёрдамида унинг чап борти остидаги қум ва лойни тозалаш давом эттирилади.

Шунингдек, кеманинг саёзликка ўтириб қолиши сабаблари тергови давом этмоқда. Сувайш канали бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Усома Рабийянинг таъкидлашича, кучли шамол воқеанинг ягона сабаби ҳисобланмайди. У бунда инсон омили ва техник хатоликка йўл қўйилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Рабийя, шунингдек, кемани саёзликдан чиқариш бўйича ишлар ундаги юкни олиш заруратисиз ҳам натижа беришига умид билдирган. “Биз жуда оғир вазиятда қолдик”, деб қўшимча қилган генерал. У кема қачон чиқарилиши ҳақидаги саволга буни билмаслигини айтган.

Ҳозирча бу муаммони ҳал қилишнинг иложи бўлмаяпти. 27 март куни кемани буксирлар ёрдамида илк бор бироз жойидан силжитишга муваффақ бўлингани маълум қилинди.  

Bernhard Schulte Shipmanagement компаниясида таъкидланишича, дастлабки тергов кемада бирор носозлик бўлгани ёки двигатели ишламай қолганини истисно қилмоқда.

Аввалроқ каналдаги вазият сабабли унинг атрофида 321та кема тўпланиб қолгани маълум қилинганди. Шу билан бирга, баъзи кемалар манзилларига Африка қитъаси атрофи бўйлаб бошқа узунроқ йўналиш бўйича жўнатилмоқда.

Мавзуга оид